Қиз болани уйланган одамга бериш
Ассалому алайкум! Ўзининг холис ёрдамини аямай саволларга жавоб берувчи аҳли илмлар! Аллоҳ барча яхшиликларингизни ажрини зиёда қилиб берсин илоҳим. Мен турмуш қуриш ёшидаги бир муслимаман. Оиламиз мени яхши жойга, илмли, тақволи инсонлар хонадонига беришга қасд қилганлар. Уйга кўплаб совчилар келмоқда. Келган совчиларни айтган гапларига қараб ёки ўзларига қараб жавоб бериб юборадилар. Уларнинг ўғиллари билан учрашиб кўришга қўйишмайди. Қачонки яхши одам эканликлари оиламизга маълум бўлса кейин учраштирмоқчи бўлишади. Албатта бу ҳаракатлари мен учун ҳам жуда қулай. Шундай қилиб бир оиладан совчи келди. Тасодиф туфайлими ёки насибми, уларнинг ўғиллари билан учрашишга тўғри келди. Келажакдаги мақсадларимиз бир эканлиги ва қандайдир руҳий яқинлик сабаб бўлиб улар менга бироз маъқулроқдек бўлдилар. Дин-диёнати, хулқи ҳам чиройли эди. Кейин яна бир марта кўришдик ота-оналаримиз розилиги билан. Суҳбат давомида олдин уйланган эканликларини ва қисқа фурсатгина яшаганликларини айтдилар. Бу пайтда мени кўнглимда унга майл бўлиб улгурганди. Уйдагилар буни эшитиб бермаймиз деб қолишди. Шу одам менга маъқул бўлганди десам мени гапимни нотўғри тушунишди. Булар олдиндан таниш бўлишган шекилли ёки қизнинг айби бор шекилли деган гумонлар пайдо бўлди ҳатто. Бу гаплардан сўнг келажакдан мақсадим, умидим ҳам сўниб боряпти. Мен ҳақимда бундай ёмон гумон қилишликлари хаёлимга келган эмас. Тушкунликка тушиб қолдим. Ғазабни енгишга қанчалик ҳаракат қилмай эплай олмаяпман. Онам мени тушунарлар деб уларга кўнглимни очсам, "мени қўлимдан ҳеч нима келмайди, сени олдин уйланган одамга бермайман. Оталаринг бунга қаттиқ қарши. Майли кимгадир узатсам ҳаётинг яхши бўлмаса кейин розимиз. Аммо биринчи марта уйланмаган одамга тегасан" дедилар. Мен биламан, никоҳ умрбодга ният қилиб қурилади. Кимгадир турмушга чиқиб, уни ҳам бахтсиз қилиб, "уйланган" деган номни ёздириб нариги йигитни аҳволига солишни ҳам истамайман. Бизни тарафларда диний илм бироз пастроқ. Биттадан ортиққа уйланиш ёки уйланганга қиз бериш каби масалаларда ўзларини ақллари билан фикр қиладилар. Қуръон ўқидим, кўп дуо қилдим, зикр қилдим, эътикоф ўтирдим. Дуоларим ижобат бўлган-бўлмаганини билдирадиган бирор сигнал кўрмаяпман. Нима қиларимни билмай қолдим. Сабрсизлик қилиб қўйишдан қўрқяпман. Аллоҳга осий бўлишдан паноҳ тилайман. Мен моддиятга аҳамиятсиз қарашим, зоҳирдан эмас, ботиндан хулоса қилишга одатлангандим. Инсонларни ташқи белгиларига қараб ажратишни ёқтирмайман. Улар буни тушунмаяптилар. Кунларим мазмунсиз, оқ-қора рангдан иборат бўлиб қолди. Келажак ҳақида ўйласам ҳам кўз олдимда зулматли ҳаёт пайдо бўляпти. Аммо менинг келажакдан умидим катта эди. Ишончли қадамлар ташлашга, жамиятга фойдам тегадиган инсон бўлишга ният қилгандим. Тобора умидларим сўниб боряпти. Илтимос маслаҳатингизни аяманг. Зеро у мени келажагимни белгилайди. Илтимос телеграм ижтимоий тармоғига ҳам жойласангизлар. Сизлардан Аллоҳ рози бòлсин.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Унчалик мойил бўлсангиз олдин уйланганини айтишга ҳожат йўқ эди. Инсон бир зарбада умидсизланиши муслимага муносиб эмас.
Робби ҳаблии минассоолиҳийн деб кўп ўқиб юринг. Дини ва хулқига рози бўладиган даражадагиси келса рози бўлинг. Валлоҳу аълам!
26 Май 2022, 01:03 | Савол-жавоблар | 155 | Турли саволлар
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Унчалик мойил бўлсангиз олдин уйланганини айтишга ҳожат йўқ эди. Инсон бир зарбада умидсизланиши муслимага муносиб эмас.
Робби ҳаблии минассоолиҳийн деб кўп ўқиб юринг. Дини ва хулқига рози бўладиган даражадагиси келса рози бўлинг. Валлоҳу аълам!
26 Май 2022, 01:03 | Савол-жавоблар | 155 | Турли саволлар