Меърож хақида "бесуннатлар"

Ассалому алайкум! Бухорийда Исро хақида ҳадислар бор, аммо Қуддусдаги меърож йўқ. Бухорий ривоятларида Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан тўғри осмонга чиққанлари хақида айтилади. Муслимда эса Пайғамбар алайҳиссалом аввал Қуддусга келиб, сўнг осмонга кўтарилганлари хақида айтилган. Бундан аввал Исро воқеаси баъзи ҳадисларда келган, аммо Меърож биронта ҳадис манбасида йўқ. Меърож энг аввал мусулмонлар эътиқодига хижрий 235 йилдан бошлаб киритилди. Яна бир қизиқ нуқта, Бухорий ва Муслимда Пайғамбар алайҳиссалом нубувватдан (Пайғамбар бўлишларидан) аввал хам меърожга кўтарилганлари хақида хабарлар бор. Меърож хақидаги бутун хабарлар 2 та Мадиналик болаларга, Саид ал-Худрий ва Анас бин Моликка тақалади. Улар, у вақтда, Анас 10 ёш, ал-Худрий 12 ёшли болалар эдилар. Қандайдир хулосадан ёки таъкидлардан кочиб, яна бир ажойиб фактни келтирмоқчиман: Бу Авесто Геталари (Арта Вираф Намак)да келган, Зардушт «Пайғамбар(?)»ни Меърож воқеаси. Зардушт 30 ёшга тўлганда, бир куни фаришта «Керув араваси» ни олиб келади ва Зардушт унга миниб Азарбайжон тоғларидан фаришта билан бирга осмонга кўтарилган. Улар осмон табақаларида айланадилар. Ҳар бир табақада алоҳида афсонавий зотлар кутиб оладилар ва улар ҳар табақага келганларида, «Хуш келибсан эй Арта Вираф, шу ўлимли дунёда доғсиз ерга келибсан!» дейдилар. Сўнг, у зот (мукаддас Сарош), «эй фаришта Азар, Аста Вирафни олиб муқаддаслар юрти, гўзал тахтларни ва гунохкорлар жазосини кўрсат!»- деди. Унга жаннат ва жаҳаннамни кўрсатадилар. Сўнгра Аллоҳ ҳузурига келадилар. У Зардуштга ўз рухидан пуфлайди. Унга илм беради. Қайтишда фаришталар Зардуштни кўксини ёрадилар. Қалбини чиқариб олиб шайтоний васвасалардан тозалаганлар. Сўнг мис ип билан уни кўксини тикадилар. Зардушт шу шаклда Меърожга чиқиб «пайғамбар» бўлади. Мени сизларга саволларим: - Нега бу қадар муҳим воқеа, агар хақиқатда содир бўлган бўлса, ҳижрий 235 йилдан аввалги биронта ҳадис манбаларида келмаган? - Нега бу қадар муҳим воқеа факатгина 10 ёшли болаларга тақалади, у вақтда кибор сахобалар қаерда эдилар? Нега улардан биронта хабар йўқ? - Нега Меърож тўғрисидаги Бухорий ва Муслим Аҳмад бин Ҳанбал вариантлари кескин фарқ қилади? - Нега Меърож воқеаси, Авестода келган Зардушт Пайғамбар хақидаги уйдирма мистик эртаклар билан бир хил? - Зардушт Меърожга чиқиб сўнг пайғамбар бўлганига, бизда хам Пайғамбаримиз алайҳиссалом нубувватдан аввал меърожга «чиқарилмадилармикин»? Ёки Пайғамбаримизни нубувватдан олдинги меърожларини қандай изоҳлаш мумкин? Шахсий хулосам: Ҳижрий 2-асргача яшаб ўтган саҳоба ва тобеинлар Меърож деган воқеа хақида эшитмаганлар, бундай нарса кейинчалик диний эътиқод сифатида тарқалиши хақида тасаввур хам қилмаганлар. Абдурраҳмон Абдусаломов, тарихчи, мустақил тадқиқотчи.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ваалайкум ассалом! Бу тадқиқот эмас бутун уммат уламолари, хусусан имом Бухорий  ва имом Муслимдек зотларни афсона тарқатувчи, эртакчига чиқаришку. Маърож воқеъаси саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган. Буни инкор қилиш куфр бўлмасада фосиқлик ҳисобланади. Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сайр қилдириш оят бўлан собит бўлган. Буни инкор қилиш куфр ҳисобланади. Бу борада сўз юритишга ҳеч қандай ҳожат йўқ. чунки саҳобалар ва бутун уммат уламолари ҳақлигига иймон келтирган далилларини тўлалигича ўрганиб чиқишган. Қолаверса бу каби масалаларни ҳал қилиш тарихчиларнинг иши эмас. Бир воқеъани эгизак Ҳасан Ҳусан ривоят қилганда ҳам маъноси бир сўзлари бошқа чиқиши тайин. Бу тадқиқот мусулмонларни эътиқодини шубҳага солиш учун қилинган бир уринишдан бошқа нарса эмас. Меърож воқеъаси икки бор содир бўлган. Бири уйқуда иккинчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғоқ ҳолларида муборак жасадлари билан содир бўлган. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 04:45 | Савол-жавоблар | 157 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar