Она розилиги учун дунёвий билим олиш

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, мен институтда ўқийман. Институтда ўқишимни кўпроқ онам хоҳлайдилар ва шу соҳа бўйича яхши мутахассис бўлиб, обрўли жойларда ишлашимни орзу қиладилар. Мени қизиқишим эса аскинча диний илмларни ўрганишда. Шу сабабли, институтдаги дарслар мени кўпам қизиқтирмайди. Кейин мен келажакда ишламоқчи эмасман. Динимизда буюрилганидек аёллик вазифаларимни бажармоқчиман. Мени саволим қуйидагича 1) Табиийки, институтдаги дарслар, имтихонлар кўп вақтни талаб қилади. Мен эса бу вақтларимга ачинаман. Бунинг ўрнига бу вақтларимни диний илмлар ўрганишга сарфлаганим фойдалироқ эмасми деб ичимдан норози бўламан. Худдики дунёвий илмлар мен учун бу дунё ҳам, охиратимда ҳам фойдасиздек туюлади. Лекин, онам мени бу институтда ўқишим учун кўп пулларини сарфлаяптилар. Дунёвий билим олиш ҳам гуноҳ эмас. Шу сабабли, агар мен шу нарса онамни хурсанд қилади, онам мендан рози бўладилар ва уларнинг пулларини исроф қилмаслик учун институтда яхши билим олсам ва шу институтдаги дарсларим учун кеткизаётган вақтларим учун ҳам (бу ишда онамнинг розиликларини топмоқчи бўлганим учун) ибодат қилаётган ҳисобланаманми? 2) Аслида қиз болани ўқиши учун (дунёвий билимларни) шунча милионларни сарфлашлик қанчалик тўғри? Агар у келажакда бу соҳа бўйича ишламаса, бу 4 йиллик умр ва унга қилинаётган харажатлар исрофдан бошқа нарса эмасми? 3)Агар мен дарс пайти дарсга қулоқ солмай, диний мавзуларга тегишли мақола, китобларни ўқиб , илмий маърўзаларни эшитиб ўтирсам, онамни алдаётган ва уларнинг мени билим олишим учун тўлаётган пулларига хиёнат қилаётган бўлмайманми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ваалайкум ассалом! Аввало сиз ўқиётган нарса келажагингизга фойда берадими ёки йўқми? Илм кўп уларни ичида фарзи айн даражаси бор, фарзи кифоя даражаси бор, мубоҳ даражаси бор, макруҳ даражаси бор. Ҳар бир инсон Аллоҳ таоло фарз қилган амалларни, ҳаром қилган амалларни ўрганиш фарзи айн. Масалан иймон, намоз, рўза, закот, аёлларнинг ҳайз ва нифос масалаларини билиш, касбини ҳалол-ҳаромини ўрганиш фарзи айн. Масалан шу танлаётган касб шариатга зидми ёки зид эмасми, ўша касбда нималарга рухсат берилгани нималарга рухсат берилмаган. Кейингиси фарзи кифоя, масалан ҳар бир жамиятда ҳар бир соҳадан аёллар учун аёл мутахассис бўлишлари фарзи кифоя. Масалан аёлларга тегишли бўлган ҳар бир масалада аёл шифокор бўлиши фарзи кифоя. Бу фақатгина генекологияга тегишлигина эмас. Юраги ҳаста аёл учун юрак доктори, ошқозон соҳасида ўша соҳанинг доктори бўлиши фарзи кифоя. Авратга тегишли масалаларда эса фарзи кифоялиги янада таъкидлироқ бўлади. Шариат қайтармаган ва буюрмаган соҳаларда ишлаш эса мубоҳ. Агар ниятини гўзал қилса ибодат бўлади. Ўқиётган фанларингизни даражаси ҳам шу. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 04:56 | Савол-жавоблар | 136 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar