иймон чиқиб турадиган гуноҳ

Ассалому алайкум! банда қайси амалларини қилса иймони чиқиб туради
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا يَزْنِي الزَّانِي حِينَ يَزْنِي وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَشْرَبُ الْخَمْرَ حِينَ يَشْرَبُ وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَسْرِقُ حِينَ يَسْرِقُ وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَنْتَهِبُ نُهْبَةً يَرْفَعُ النَّاسُ إِلَيْهِ فِيهَا أَبْصَارَهُمْ حِينَ يَنْتَهِبُهَا وَهُوَ مُؤْمِنٌ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас, ароқхўр ароқ ичаётганида мўмин бўлмас, ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўлмас, талончи молни тортиб олаётганда, одамлар унга кўзларини тикиб, қараб қолганларида мўмин бўлмас», дедилар». Икки Шайх ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мўминликка умуман мос келмайдиган, мўмин киши қилиши мутлақо мумкин бўлмаган баъзи ишлар ҳақида сўз бормоқда. Келинг, ўша ишлар ҳақида қисқача мулоҳаза юритиб кўрайлик: 1. «Зинокор зино қилаётганида мўмин бўлмас». Зино катта гуноҳдир. Бу гуноҳ энг юқори даражадаги хиёнат ҳисобланади. Хиёнат деганда, Исломда баъзи халқлардаги каби, фақат умр йўлдошига хиёнат қилувчи одам тушунилмайди. Балки кенг маънодаги хиёнат – Аллоҳга, Расулга, дийну диёнатга, жамиятга, келажак авлодларга, инсониятга, ўзига ва мўминликка хиёнат тушунилади. Аллоҳ таолони таниган одам зино қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга умматман, деган одам зино қилмайди. Дийну диёнатим бор, деган одам зино қилмайди. Ўз жамиятимга содиқ аъзоман, деган одам зино қилмайди. Чунки унинг бу иши у яшаб турган жамиятга зарар келтиради. Келажак авлодларга яхшилик қилмоқчи бўлган одам зино қилмайди. Чунки зино наслнинг бузилишига олиб борадиган жиноятдир. Инсониятга яхшилик қилмоқчи бўлган инсон ҳам зино қилмайди. Чунки зино инсониятга зарар келтирадиган гуноҳдир. Ўзига ўзи яхшилик қилмоқчи бўлган одам ҳам зино қилмайди. Чунки зино зинокорни одамгарчиликдан чиқаради. Мўминликдан умиди бор одам ҳам зино қилмайди. Чунки зино иймонга зид нарсадир. Ушбу ҳадиси шариф ҳам шунга далилдир. Бу иборани турлича тушуниш мумкин. «Бу ишни қилган одам кофир бўлади» деган жумладан тортиб, энг осони – «Шу ишни қилаётган пайтида иймони чиқиб туради», дейишгача. Иймонли одам учун иймондан бир лаҳза ажрашдан кўра каттароқ мусийбат йўқ. 2. «Ароқхўр ароқ ичаётганида мўмин бўлмас». Зино ҳақида айтилган гапларни ароқхўрлик ҳақида ҳам айтиш мумкин. Ароқхўр ароқ ичган пайтида ундан иймони чиқиб туради. Шунинг учун уламоларимиз «Ароқ ичиб, ўлиб қолган одамга жаноза ўқилмайди, чунки у кофир кетган бўлади», деганлар. Маст ҳолда йиқилиб ёки бошқа сабабдан ўлган одамга «Ўша ароқдан бошқа нарса сабабидан ўлган», деган таъвил билангина жаноза ўқишга рухсат берганлар. 3. «Ўғри ўғрилик қилаётганида мўмин бўлмас». Мўмин бўлса, бировнинг нарсасини ўғирлармиди?! Ўғри учун бўладиган энг енгил ҳукм ҳам «Ўғрилик қилаётганда ундан иймон чиқиб туради», деган ҳукмдир. 4. «Талончи молни тортиб олаётганда, одамлар унга кўзларини тикиб, қараб қолганларида мўмин бўлмас». Бировнинг молини зўрлик билан тортиб олиш ҳам энг катта гуноҳлардандир. Бу иш ҳам мўминликка ҳеч тўғри келмайдиган иш. Бировнинг мол-мулкини зўрлик билан, ноҳақдан тортиб олувчи киши ҳақидаги энг енгил ҳукм ҳам ўша пайтда ундан иймон чиқиб туришидир. Шунинг учун ҳеч қачон ҳеч кимнинг заррача молини ҳам ноҳақдан олмаслик керак. Имом Бухорий Солим розияллоҳу анҳудан, у киши отасидан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ердан ноҳақлик билан бир нарса олса, қиёмат куни етти қават ерга ютдирилур», деганлар.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 07:28 | Савол-жавоблар | 133 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar