Квартирага олиш

Ассалому алайкум! Мeн оилам яъни аёлим ва фарзандим билан квартирада ижарада тураман.  Кватирам 4 хонали. Бугун қўшним чиқиб бир квартирага одам олмайсизларми дeб сўраб қолди. Икки фарзанди бор аёл киши экан, катта фарзанди 3 ёш кичиги 1 ёшдан ўтибди. У аёл турмушидан ажрашган экан, қийланиб қолибди, шунга квартирага олинг дeяти. Мeн ўйланиб қолдим, номаҳрам бўлса.  Нима қилай?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Жоиз эмас. عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تَلِجُوا عَلَى الْمُغِيبَاتِ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَجْرِي مِنْ أَحَدِكُمْ مَجْرَى الدَّمِ. قُلْنَا: وَمِنْكَ؟ قَالَ: وَمِنِّي وَلَكِنَّ اللهَ أَعَانَنِي عَلَيْهِ فَأَسْلَمُ Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри ғойиб аёллар олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қон томирингизда юради», дедилар. Биз у зотга: «Сизда ҳамми?» дедик. «Менда ҳам. Лекин мен Аллоҳ ёрдам бериб, саломат қолганман», дедилар». Шарҳ: Эри ғойиб, ўзи ёлғиз аёлнинг олдига бегона эркакнинг кириши шайтоннинг васвасасига йўл очиши турган гап. Бундай пайтларда ҳар қандай эркак, ҳар қандай аёл ҳам шайтоннинг васвасасидан қутулиб қолиши амри маҳол. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсадан ўз ҳолларича қутулмаган эканлар. Аллоҳ таоло у зотга махсус ёрдам бериб, алоҳида равишда сақлаб қолган экан. Бу пайғамбарлик маъсумлигидир. Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таолонинг Ўзи барча пайғамбарларни, шу жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам шайтон васвасасига учишдан, гуноҳ содир этишдан сақлаган. Шундай бўлганидан кейин ҳеч ким бепарво бўлиши керак эмас. Ҳамма, ким бўлишидан қатъи назар, бу масалада ўзини сақлаши лозим. وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا يَخْلُوَنَّ رَجُلٌ بِامْرَأَةٍ إِلَّا كَانَ ثَالِثَهُمَا الشَّيْطَانُ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир эркак зинҳор бир аёл билан холи қолмасин! Акс ҳолда учинчилари шайтон бўлур», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф олдинги ҳадислардаги маънони яна ҳам очиқроқ таъкидлаб келмоқда. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَخْلُوَنَّ رَجُلٌ بِامْرَأَةٍ إِلَّا مَعَ ذِي مَحْرَمٍ، فَقَامَ رَجُلٌ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، امْرَأَتِي خَرَجَتْ حَاجَّةً وَاكْتُتِبْتُ فِي غَزْوَةِ كَذَا وَكَذَا، قَالَ: ارْجِعْ فَحُجَّ مَعَ امْرَأَتِكَ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак киши зинҳор аёл билан холи қолмасин. Маҳрам билан бўлса, мустасно», дедилар. Шунда бир киши туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Хотиним ҳажга чиқди. Мен эса фалон ғазотга ёзилиб қўйдим» деди. «Қайтгин-да, аёлинг билан бирга ҳаж қил!» дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Мўмина-муслима аёл фақат ўз маҳрами ҳамроҳлигидагина бегона эркак бор жойда бўлиши мумкин. Бундан бошқа иш тутиш ношаръий бўлади ва турли ноқулайликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг савол берган одамни жиҳодни тарк қилиб, хотинига маҳрам бўлиб, ҳажга боришга амр қилишлари бу ишнинг аҳамияти қанчалар муҳим эканлигини кўрсатиб турибди. Аллоҳнинг йўлида ғазот қилиш фарз, аммо хотинини маҳрамсиз қўймаслик ҳам бундан қолишмас экан. Кўпгина мусулмон юртларда бу шаръий ҳукмни эркаклар ҳам, аёллар ҳам жуда яхши тушунадилар. Унга оғишмай амал қиладилар. Аммо минг афсуски, баъзи бир ўлкалардаги кишилар бу муҳим нарсадан умуман бехабарлар ёки хабарлари бўлса ҳам, амал қилмайдилар. Шариатнинг ушбу ҳукмини тарк қилиш оқибатида эса мусулмонлар бошига кўпгина мусийбатлар етмоқда. Турмуш кўрмаган қизларнинг бузилиб, ҳаром йўлга кириб кетиши, ношаръий бола туғиши, оилали эр-хотинларнинг оилалари бузилиши, жамиятдаги ҳаром-хариш ишлар ва ўзаро ишончсизликлар мазкур мусийбатларнинг бир томони, холос. وَلِمُسْلِمٍ: أَلَا لَا يَبِيتَنَّ رَجُلٌ عِنْدَ امْرَأَةٍ ثَيِّبٍ إِلَّا أَنْ يَكُونَ نَاكِحًا أَوْ ذَا مَحْرَمٍ Муслимнинг ривоятида: «Огоҳ бўлинглар! Ҳеч бир эркак жувон бор жойда ётиб қолмасин. Эри ёки маҳрами бўлса, мустасно», дейилган. Шарҳ: Жувон шунчалик эҳтиёт қилинганидан кейин қизлар бундан ҳам ортиқ эҳтиёт қилинишлари лозим. Тунда бегона эркак ва аёлнинг бир жойда ётиб қолишлари нималарга олиб келиши ҳеч кимга сир эмас. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 08:32 | Савол-жавоблар | 142 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar