Ҳанафий мазҳаби китоблари

Ассалому алайкум! Кифоя китобидан иқтибос: “Муҳтасари Виқоя” Ҳанафий мазҳабидаги энг машҳур китоблардан бири ҳисобланади. Чунки, у бу мазҳабдаги асосий эътимодга сазовор бўлган тўрт матндан бири бўлмиш «Виқоя» китобини қисқартирилганидир.
Юқорида айтилган 4 матн ҳақида билмоқчи эдим, имкон бўлса шулар ҳақда маълумот бeрсангизлар. Раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! 1. «Мухтасари Виқоя». Бу китобнинг асл номи «Ниқоя» бўлиб, уни ҳижрий 745 санада вафот этган машҳур фақиҳ Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафий ўзининг бобоси Маҳмуд ибн Содруш-шарийъанинг «Виқоятур-ривоя фий масоилил Ҳидоя» номли китобини мухтасар қилиш – қисқартириш ила юзага келтирган. Демак, «Мухтасари Виқоя» китоби Бурҳонуддин Марғинонийнинг «Ҳидоя»сига боғлиқ китобдир. «Мухтасари Виқоя» айниқса бизнинг диёримизда қадимдан машҳурдир. 2. «Мухтасари Қудурий». Бу китоб имом Абулҳусайн Аҳмад ибн Маҳмуд Қудурийнинг қаламига мансуб. Ҳанафий мазҳабида «китоб» дейилганда «Мухтасари Қудурий» англанади. «Мухтасари Қудурий» ҳанафий мазҳабидаги энг машҳур китоблардан биридир. У муболаға даражасида мақталган. Ҳожи Халифанинг таъкидлашича, ҳанафийлар бу китобни вабо тарқалганда радди бало учун ўқишган ва «Ким уни ёд олса, фақирликка учрамайди», деган гапларни айтишган. Баъзи шарҳчиларнинг таъкидлашларича, «Мухтасари Қудурий»да ўн икки минг масала баён қилинган. «Мухтасари Қудурий»нинг шарҳлари жуда ҳам кўп. 3. «Мухтор». Аслида бу китобнинг номи «Мухтор лил фатво» бўлиб, унинг муаллифи Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ибн Мавдуд Мусилий Ҳанафийдир. «Мухтор»ни Мусилий Ҳанафий баъзи улуғ кишиларнинг илтимосига биноан, талаби илмни энди бошлаётган ўқувчилар учун ёзган. Унда асосан Имоми Аъзамнинг қавллари ва фатволарини ихтиёр қилган. Шунинг учун ҳам бу мухтасар китобини «Мухтор» деб номлаган. Аммо Мусилий Ҳанафийнинг «Мухтор»ини кўпчилик, жумладан, катта фуқаҳолар ҳам ўқишган ва ёд олишган. Китоб ҳамма тарафга тарқалиб, шуҳрати етти иқлимга ёйилган. Кейин Мусилий Ҳанафийнинг қариндошларидан бири китобга бошқа фақиҳлар қайси ҳукмни олганларига ишора қўйиб чиқишни илтимос қилган. Бу иш ҳам амалга оширилганидан кейин китобнинг қиймати яна ҳам ортган. Кейинчалик Мусилий Ҳанафий ўз китобини далил ва ҳужжатлар келтириб шарҳ қилган ва унга «Ал-ихтиёр» деб ном берган. Бу икки китоб кенг тарқалган ва ҳозир ҳам қайта-қайта нашр қилинмоқда. «Мухтор»ни бошқа уламолар ҳам шарҳ қилганлар. 4. «Мултақул абҳур». Бу китобнинг муаллифи Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Ҳалабий Ҳанафийдир (ҳижрий 956 санада вафот қилган). У киши ўз китобини баъзи одамларнинг таклифига биноан «Мухтасари Қудурий», «Мухтор», «Ал-канз» ва «Мухтасари Виқоя» китобларидан фойдаланиб, осон тил ва услуб ила, далилларни зикр қилмай ёзган. «Мултақал Абҳур» кўпчилик томонидан маъқул кўрилган ва унга бир қанча шарҳлар ёзилган. Китобнинг шарҳлари ичида «Мажмаъул Анҳур» бошқаларидан кўра машҳурдир.(“Фиқҳий манбалар”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  раҳимаҳуллоҳ). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 08:40 | Савол-жавоблар | 175 | Таълим ва мутаъаллим
|
Boshqa savol-javoblar