Бу ишим судхўрлик эмасми?

Ассалому алайкум! Одамларнинг мушкулини осон килиб, уларга тугри, шаръий йулни курсатишда килаетган ишларингизга Аллоҳ мададкор булсин! Қуйидаги саволимга атрофли ва аниқ жавоб олиш умидида мен ҳам сизларга мурожаат қилишга қарор қилдим. Мен бир жуда ҳам яқин дўстимга пул берганман. Дўстим бизнес билан шуғулланади ва мен берган пулни айлантиради. Ҳар ой менга ўзининг шароитига қараб, маълум бир миқдорда пул бериб туради. Лекин мен дўстимга аввалдан фойдасига ҳам, зарарига ҳам шериклигимни, ҳар ой берадиган пулини миқдорини белгиламаслигимни, қанча ошиниб, рози бўлиб берса шуни олишимни ва агар ишлари юришмай беролмай қолса, мен бунга ҳам розилигимни, ҳаттоки бирон бир сабабга кўра ҳар ойда қўшимча пул бериш тугул берган пулимни танини ҳам қайтаролмай қолган тақдирда, унга ҳам розилигимни билдириб, уқдириб, келишиб олганман. Қолаверса, қилаётган ишига ёрдам беришга, ўз ҳиссамни қўшишга, бераётган пули учун қанча керак бўлса меҳнат қилишга тайёрлигимни билдирганман. Яъни, мен судхўрлик қилишни хоҳламаслигимни ва олаётган пулимни ҳалол бўлишини дўстимга тушунтириб, келишиб олганмиз. Лекин ҳозирги кунда ака-укалар билан ўзаро бўлган муҳокамада дўстимдан олаётган пул ҳалол ёки ҳаромлигига шубҳа туғилиб қолди. Саволим: Юқорида кўрсатилган шартларни ҳаммасини мавжудлигини ҳисобга олсак, мен дўстимдан олаётган пулим судхўрликка кирадими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Нодирбек
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Сиз дўстингиз билан бўлган муомалангизни шариат асосида аниқ бир ҳолатга келтириб олишингиз керак. Агар бу қарзи ҳасана бўлса, унда ҳеч нарса олманг. Чунки фойда келтирган ҳар бир қарз рибодир. Агар фойда олишни хоҳласангиз, муоламангизни музораба ёки муробаҳа асосида келишиб олинг. Шунда шариатга мувофиқ иш қилган ва барча шубҳалардан йироқ бўласиз.  Аллоҳ сизга ва дўстингизга ҳалолликни насиб қилсин! Қуйидаги линкларда музораба ва шерикчиликка оид маълумотлар бор. Валлоҳу аълам! https://fiqh.uz/index.php/ibodat/moliya/savdo/317-muzoraba https://fiqh.uz/index.php/ibodat/moliya/savdo/665-muzorobaga-oid-savol-zhavoblar https://fiqh.uz/index.php/ibodat/moliya/savdo/322-ta-sit-savdosi https://fiqh.uz/index.php/fiqh-uz/dolzarb-mavzu/676-fojda-zarar-teng-sherik-deb-kelishish

26 Май 2022, 09:24 | Савол-жавоблар | 143 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar