Хос банда

Ассалому алайкум! Гуноҳи кабиралари бўлган инсон истиғфор айтиб тавба қилса, Аллоҳнинг хос бандаларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин умматларидан бўлиши мумкинми? Хос банда бўлишга олиб борадиган энг осон амал ва қисқа йўл борми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Аср” сурасида марҳамат қилади : وَالْعَصْرِ۝ 1. Аср билан қасам. Баъзи тафсирчиларимиз «аср»дан мурод юз йиллик муддат, замон, Аср намози ёки Аср намози вақти, ҳам деганлар. Аллоҳ таолонинг аср – замон билан қасам ичиши, у нарсанинг ажойиботлар ва ғаройиботларга, ибрат ва эслатмаларга тўла эканидандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло аср ила қасам ичиб, қуйидаги оятда келадиган маънони таъкидламоқда. إِنَّ الْإِنسَانَ لَفِي خُسْرٍ۝ 2. Албатта, инсон зиёндадир. Бу ерда «зиён» лафзи «мағлубият», «ютқизиқ» ва «нуқсон» деган маънолар ўрнида келган. Ҳа, ҳар бир инсон зиёндадир... إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَتَوَاصَوْا بِالْحَقِّ وَتَوَاصَوْا بِالصَّبْرِ۝ 3. Фақат иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар мустасно. Маълум бўлдики, инсон икки дунёда бадбахт бўлиб қолмаслик учун тўртта сифатга эга бўлиши керак экан: - Аллоҳга иймон келтириши; - Солиҳ амаллар қилиши; - Ҳақ йўлга чақириши; - Сабрга чақириши. Аллоҳга иймон келтириш инсоннинг энг аввалги бурчидир. Иймоннинг инсон ҳаётига таъсири чексиздир. У бу дунё зулмат кишанларини парчалайди ва қалбларга умид бахш этади. Қийинчилик, оғир пайтларда инсон ўзининг ҳамма нарсага қодир Яратгани бор эканини эслаб, тортган машаққатларининг савобини олишни ўйлайди, қаршисидаги барча тўсиқларни енгиб ўтиши осонлашади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий мўминлар хотирлари жам, асаблари жойида ҳаёт кечирадилар. Аллоҳ таолога бўлган иймон киши қалбида яхшиликларга йўл очади, ёмонликлардан, гуноҳлардан қайтаради. Иймонли киши «Аллоҳ таоло барча ҳолатимни, ишларимни кўриб турибди, қиёмат куни буларнинг ҳисоб-китобини қилади», деб ишонади. Шунинг учун доимо ёмонликлардан қочиб, солиҳ амалларни – яхши ишларни қилади. Ҳа, иймон доимо ўз соҳибини солиҳ амалга чорлайди. Шунинг учун ҳам Қуръонда иймондан сўнг амали солиҳ зикр қилинади. Жумладан, биз ўрганаётган сурада ҳам. Амали солиҳ Аллоҳ таоло буюрган барча яхшиликлардир. Ҳақ йўлга чақириш улкан инсоний фазилатдир. Исломда инсон ўзи ҳақ йўлда бўлиши билан кифояланиб қолмаслиги керак, балки ўзгаларни ҳам шу йўлга чақириши зарур. Ҳақ йўлда юриш ва унга кишиларни чақириш осон эмас. Ҳақ йўлда юрмоқчи бўлган шахс ўзининг ҳавойи нафсига, ҳокимларнинг туғёнига, одамларнинг зулмига ва бошқа кўпгина нарсаларга қарши чиқиб, чидам билан иш олиб бориши керак. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида сабрга чақириқ бор. Сабр бир неча хил бўлади: Тоат-ибодатни адо этиш сабр демакдир. Ҳавойи нафс хоҳлаб турган гуноҳларни қилмаслик – сабр. Бало-офатлар ва мусибатларга таслим бўлмаслик – сабр. Сабрнинг олий даражаси фожиа содир бўлган пайтдаги илк дақиқалардаги сабрдир. Сабр барча фазилатларнинг асосидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг асосий сифатларидан бири сабр эканини қайта-қайта таъкидлаган. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 09:50 | Савол-жавоблар | 176 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar