Қаттиқ ғазабнинг муолажаси

Ассалому алайкум! Қуръонда қаттиқ асабийлик ёки жиззакилик кабиларга шифо бўлувчи оятлар борми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!ҒАЗАБНИНГ САБАБЛАРИ ВА ДАВОСИ Ғазабнинг сабаблари кўп бўлиб, жумладан, қуйидагиларни айтиш мумкин: 1. Манманлик. 2. Мазаҳ. 3. Ҳазил. 4. Масхара. 5. Айблаш. 6. Риёкорлик. 7. Алдамчилик. 8. Мансабпарастлик. 9. Дунёпарастлик ва бошқалар. Ғазаб қўзиган пайтда уни илм ва амал билан босилади. Ғазабни илм воситасида даволаш олти йўл билан амалга оширилади: 1. Ғазабни ютиш, афв қилиш, ҳилм ва сабрнинг фазли ҳақидаги оят, ҳадис ва хабарларни тафаккур қилиш ва уларнинг савобидан умид қилиш. Молик ибн Авсдан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳу бир кишидан ғазабланди ва уни калтаклашга амр қилди. Мен унга:
«Эй мўминларнинг амири! «Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дедим («Аъроф» сураси, 199-оят).
Умар ўзига ўзи: «Кечиримли бўл, маъруфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», дея бошлади. У Аллоҳ таолонинг Китобидан тиловат қилинса, тўхтар, кўп тааммул ва тадаббур қилар эди. Бир оз ўйланиб турди-да, ҳалиги одамни қўйиб юборишга амр қилди». Умар ибн Абдулазиз бир одамни калтаклашга амр қилди-да, сўнг «…аччиғини ютадиганлар» оятини ўқиб туриб, ғуломига: «Уни қўйиб юбор!» деди. 2. Ўзини ўзи Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқитиш. Бунда ғазаби келиб турган одам ўзига ўзи: «Менинг бу одам устидан бўлган қудратимдан Аллоҳ таолонинг менинг устимдан бўлган қудрати қанчалар катта. Агар мен бунга ғазабимни ўтказсам, қиёмат куни Аллоҳ таоло менга ғазабини ўтказиши турган гап. Ундан кўра афв қилай, ўзим ҳам қиёмат куни афв қилинсам, ажаб эмас», дейди. 3. Ўзини ўзи адоват ва ўч олиш оқибатидан огоҳлантириш. Бунда банда ноўрин ғазаб ўзи учун бу дунёда ҳеч яхшилик олиб келмаслигини эсга олади. Ғазаб фақат бефойда интиқомдан ўзга нарса эмас. У душман орттиришдан бошқага ярамайди. 4. Ғазаб чоғида ўзининг қанчалар хунук бўлиб кетишини тасаввур қилиш. Бунинг учун бошқаларнинг ғазаб ҳолатидаги суратини кўз олдига келтиришнинг ўзи кифоя. Одамлар ғазабланган кимсани қутурган ит ёки ваҳший ҳайвонга ўхшатишларини эсласин. Шу билан бирга, ғазабни ичига ютиш анбиё, авлиё, уламо ва ҳукамоларнинг сифати эканини ҳам ўйласин. Сўнгра ўша икки тарафдан бирини танлаши кераклигини ўйласин ва ўзига муносиб кўрганини танласин. 5. Ғазабни ютмасликка ва унинг талаби асосида иш кўришга чорлаётган омилга назар солиш. Эҳтимол, шайтон унга «Ундан ниманг кам? Шалпайиб қолаверасанми? Одамлар нима дейди? Бир бопла уни!» деб васваса қилаётган бўлиши мумкин. Шунда банда ўзига ўзи: «Бу дунёнинг арзимаган обрўси деб охиратдаги обрўнинг тўкилишини ўзингга орттириб олма. Сабр қил! Шайтонга ҳай бер!» дейиши керак. 6. Одам ишлар унинг иродаси бўйича эмас, Аллоҳ таолонинг иродаси бўйича бўлаётганини ўйласин. Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқишнинг оқибати нима бўлишини хаёлига келтирсин.ҒАЗАБНИНГ АМАЛИЙ ДАВОСИعَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ صُرَدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: اسْتَبَّ رَجُلَانِ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَجَعَلَ أَحَدُهُمَا تَحْمَرُّ عَيْنَاهُ وَتَنْتَفِخُ أَوْدَاجُهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: «إِنِّي لَأَعْرِفُ كَلِمَةً لَوْ قَالَهَا لَذَهَبَ عَنْهُ الَّذِي يَجِدُ: أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ». فَقَالَ الرَّجُلُ: وَهَلْ تَرَى بِي مِنْ جُنُونٍ؟ رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُСулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»дир», дедилар.Бас, у: «Менда жиннилик бор деб ўйлайсанми?» деди».
Тўртовлари ривоят қилишган. 
Ғазаби чиқишининг олдини олиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим.عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ لَنَا: «إِذَا غَضِبَ أَحَدُكُمْ وَهُوَ قَائِمٌ فَلْيَجْلِسْ، فَإِنْ ذَهَبَ عَنْهُ الْغَضَبُ وَإِلَّا فَلْيَضْطَجِعْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُАбу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:«Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетди, бўлмаса ёнбошласин», дедилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган. 
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган. Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: «Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди», деб қуйидагиларни айтди:عَنْ عَطِيَّةَ السَّعْدِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: «إِنَّ الْغَضَبَ مِنَ الشَّيْطَانِ، وَإِنَّ الشَّيْطَانَ خُلِقَ مِنَ النَّارِ، وَإِنَّمَا تُطْفَأُ النَّارُ بِالْمَاءِ، فَإِذَا غَضِبَ أَحَدُكُمْ فَلْيَتَوَضَّأْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَАтийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган. 
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш чоралар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворликдир. Ғазаби чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур. Шунингдек, ғазабни ишга солиб ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, ғазабини ютиб ортга қайтса, қандай савоблар олишини ўйлаши лозим.ҒАЗАБНИ ЮТИШНИНГ ФАЗЛИҒазабни ютиш фазилатли ишлардан ҳисобланади. Бунга ҳар қандай одам ҳам қодир бўла олмайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ғазабни ютувчиларни мадҳ қилиб:الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ۝«Улар енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар, аччиғини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир», дея марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 134-оят). Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар бир кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин тақводор киши бу оғир ишни эплаши мумкин. Яъни қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. ("Руҳий тарбия" китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 09:58 | Савол-жавоблар | 175 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar