Мусибатни кўрганда

Ассалому алайкум! Бирор кишини бошига мусибат тушганда Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун дейиш мумкинми? Бирор мусибатни кўрсам  кузимда ёш келади, шу дуони айтгим келади. Ёки буни фақат инсон ўлганда айтиладими? Саволим ноўрин бўлса узр сўрайман.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Бу ҳар бир мусибат етганда айтилади. Ҳатто чироқ ўчса ҳам. عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا يُصِيبُ الْمُؤْمِنَ شَوْكَةٌ فَمَا فَوْقَهَا إِلَّا رَفَعَهُ اللهُ بِهَا دَرَجَةً وَحَطَّ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةً. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌОиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминга тикан кирса ва ундан-да каттароқ мусийбат етса ҳам, албатта, Аллоҳ ўша туфайли унинг даражасини кўтаради ва гуноҳини ювади», дедилар».Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.Шарҳ: Тикан кириши ҳам мусийбат ҳисобланади. Унга ҳам сабр қилиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирортангизнинг кавушининг ипи узилиб кетса ҳам истиржоъ айтсин», деганлар. Истиржоъ «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» дейишдир. Бошқа бир ривоятда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда чироқ ўчиб қолганида истиржоъ айтган эканлар. Шунда Оиша онамиз «Чироққа ҳам истиржоъ айтасизми?» деганларида «Мўминга ёмонлик бўлган ҳар бир нарса мусийбатдир», деган эканлар. Ана шундай мусийбатлар етган пайтда сабр қилган мўминнинг даражаси кўтарилиб, хатолари ўчирилар экан. Шунинг учун каттаю кичик мусийбат қаршисида ўзимизни комил мусулмондек тутмоғимиз лозимдир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 10:32 | Савол-жавоблар | 151 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar