Мазаммат қилиш

Ассалому алайкум! Ҳурматли Устозлар, бир кишини мазаммат қилиш қандай бўлади? Бунинг ҳукми қандай? Илтимос ҳадислардан кeлтириб ўтсангиз.
2). Мeнда бир одат бўлиб, бир ҳодиса бўлса ёки таажжубли нарса эшитсам “субҳааноллооҳ, маашааллооҳ, астағфируллоҳ” ёмон гап ҳақида бўлса “лаа қоддароллооҳ” каби ибораларни айтаман. Албатта Аллоҳни зикри ниятида. Шу айтишим кибр эмасми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! 1). Аллоҳ таоло “Ҳумаза” сурасида марҳамат қилади : وَيْلٌ لِّكُلِّ هُمَزَةٍ لُّمَزَةٍ۝ 1. Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин. Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллари билан кўп тўкувчи одам араб тилида «ҳумаза» дейилади. Одамларнинг айбини, камчиликларини имо-ишора ила масхара қилувчи «лумаза» дейилади. «Вайл» жаҳаннамдаги бир водийнинг номи ёки «ҳолига вой», «ҳалок бўлсин» деган маънодаги сўз эканини олдин ҳам ўрганганмиз. Ушбу икки сифатга эга бўлганларнинг барчаси дўзахга тушади ва уларнинг аҳволига вой бўлади, дейди Аллоҳ таоло. Чунки мўмин кишининг қонини тўкиш қанчалик гуноҳ бўлса, обрўсини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳ. Одам ўлдириб – қон тўкиб гуноҳ қилганлар жаҳаннамга тушганларидек, ғийбат қилиб – обрў тўкиб, кишиларни хафа қилганлар ҳам жаҳаннамга тушади. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). عن معاذ بن جبل قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من عير أخاه بذنب لم يمت حتى يعمله. رواه الترمذي Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ким биродарининг қилган бир айби туфайли айблаб шарманда қилса, ўша ишни қилмагунича вафот топмайди” деганлар". Имом Термизий ривояти. 2). Ниятга боғлиқ. Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 11:02 | Савол-жавоблар | 162 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar