Иймонни сақлаш

Ассалому алайкум! Киши бирор катта ёки кичик гуноҳни, билиб ёки билмай содир этса иймонида ноқислик бўлиши мумкинми? Яъни иймони заифлашиб кетиши мумкинми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Мутоффифин" сурасида марҳамат қилади : كَلَّا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِم مَّا كَانُوا يَكْسِبُونَ۝ 14. Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир. Йўқ!!! Улар бизнинг оятларимизни «ўтганларнинг афсонаси» дейишдан қайтсинлар. Иш улар айтгандек эмас. Айб Қуръонда эмас. Аксинча, уларнинг қилган гуноҳлари туфайли қалбларини моғор босиб қолган. Шу сабабли Аллоҳ таолонинг оятлари тиловатини эшитсалар ҳам қалблари таъсирланмайдиган бўлиб қолган. Демак, айб Қуръонда эмас, айб уларнинг моғор босган қалбларида. Ҳа, инсон гуноҳ ишларни қилаверса, қалбини моғор босиб, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадиси шариф ворид бўлган: «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади, агар гуноҳни зиёда қилса, қалбидаги қора ҳам зиёда бўлади. Мана шу Қуръондаги «Каллаа бал рона ала қулуубиҳим» деганидир». (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

26 Май 2022, 12:17 | Савол-жавоблар | 151 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar