Дўстимни менга берган саволи

Ассалому алайкум! Устозлар, мeни бир дўстим «Сeнга ким устун ота-онангми ёки Пайғамбаримизми?» дeган савол бeрганди. Мeн қайси бири тўғри жавоблигини билмай ота-онам дeб юборибман. У эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан кeйин ўринда турадилар дeб инкор қилди.  Саволим шуки дўстимни гапи тўғрими? Савотсизлигимдан узр сўрайман устозлар. Раҳмат жавобингиз учун.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бирингиз унга отасию боласидан севимли бўлмагунимча мўмин бўла олмас», дедилар». عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَحَدَّثَنَا آدَمُ قَالَ: حَدَّثَنَا شُعْبَةُ، عَنْ قَتَادَةَ، عَنْ أَنَسٍ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бирингиз унга отасию боласидан ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча мўмин бўла олмас», дедилар». Изоҳ: Бу ҳадислардаги «мўмин»дан мурод комил мўмин экани ҳақида Аҳли Сунна ва жамоа уламолари иттифоқ қилишган. Бу ҳақда «Умдатул Қорий»да шундай дейилади: «Бу жумбоққа жавоб қуйидагича бўлади: «Шориъ (Аллоҳ) каломида келган «иймон» лафзи «иймоннинг асли» маъносида келади. Бунда қуйидаги: «Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, Унга йўлиқишга ва элчиларига иймон келтиришинг, қайта тирилишга иймон келтиришингдир. Ислом эса Аллоҳга ибодат қилишинг, Унга ширк келтирмаслигинг, намозни тўкис адо этишинг, фарз закотни беришинг ва Рамазон рўзасини тутишингдир» ҳадиси мисол бўла олади ва иймонда амал бирга бўлиши эътиборга олинмайди». Демак, ҳадисда зикр қилинган сифатларга эга бўлмаган киши комил иймон эгаси эмас. Лекин иймоннинг юқоридаги турига – иймоннинг аслига кўра, бундай инсон мўмин ҳисобланади. (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий). Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиси шарифни эшитганлари замони унга амал қилишларини билдирмоқчи бўлиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз», деганлар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, бўлмабди. Ўзингдан кўра ҳам бўлиши керак», деганлар. Ҳазрати Умар дарҳол: «Ўзимдан кўра ҳам!», деганларида у зот алайҳиссалом: «Ана энди бўлди, эй Умар», деганлар. Яъни, ана энди иймонинг комил бўлди, деганлар. Валлоҳу аълам!

28 Апрел 2022, 21:56 | Савол-жавоблар | 157 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar