Таҳорат учун сув

Ассалому алайкум! Азиз Устозлар, тахорат учун қандай сув харом ҳисобланади? Масалан биз билмаган идишдаги сув. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! "Кифоя" китобида қуйидагича келади: СУВЛАРНИНГ ТУРЛАРИ وَيَتَوَضَّأُ بِمَاءِ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ، وَإِنْ تَغَيَّرَ بِالْمُكْثِ، أَوِ اخْتَلَطَ بِهِ طَاهِرٌ، إِلَّا إِذَا أَخْرَجَهُ عَنْ طَبْعِ الْمَاءِ، أَوْ غَيَّرَهُ طَبْخًا، وَهُوَ مِمَّا لَا يُقْصَدُ بِهِ النَّظَافَةُ. وَإِنِ اخْتَلَطَ بِهِ نَجَسٌ، فَإِنْ كَانَ جَارِيًا أَوْ عَشْرًا فِي عَشْرٍ، لَا تَنْحَسِرُ أَرْضُهُ بِالْغَرْفِ: لَا يَنْجَسُ، إِلَّا إِذَا غَيَّرَ طَعْمَهُ أَوْ لَوْنَهُ أَوْ رِيحَهُ، وَإِنْ لَمْ يَكُنْ يَنْجُسُ. وَلَا بَأْسَ بِمَوْتِ مَائِيِّ الْمَوْلِدِ، وَلَا بِمَوْتِ مَا لَيْسَ لَهُ دَمٌ سَائِلٌ.
وَلَا يَتَوَضَّأُ بِمَاءٍ اعْتُصِرَ مِنْ شَجَرٍ أَوْ ثَمَرٍ، وَلَا بِمَاءٍ اسْتُعْمِلَ لِقُرْبَةٍ أَوْ رَفْعِ حَدَثٍ
 Осмон ва ер суви ила таҳорат қилинади, гарчи кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса ҳам. Аммо (аралашган нарса) уни сувлик табиатидан чиқарган ёки (қайнатиб) пишириш ила ўзгартирган бўлса, ўша нарсадан назофа (тозалик) қасд қилинган бўлмаса, (у билан таҳорат қилиб) бўлмайди.
Агар унга нажас аралашган бўлса, оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб, ҳовучлаб олганда ери очилиб қолмайдиган бўлса, у нажас бўлмайди. Аммо таъмини, рангини ёки ҳидини ўзгартирса, нажас бўлади. Лекин ундай (оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб ҳовучлаб сув олинганда ери очилиб қолмайдиган) бўлмаса, нажас тушган сув ҳам нажасга айланади.
Сувда туғиладиган ва оқар қони йўқ нарса (сувда) ўлиб қолса, ҳечқиси йўқ. Дарахт ёки мевадан сиқиб чиқарилган ва қурбатга ёки бетаҳоратликни кетказиш учун ишлатилган сув ила таҳорат қилинмайди.
Бу жумлаларда қандай сув билан таҳорат ва ғусл қилиш мумкинлиги ва қандай сув ила жоиз эмаслиги ҳақида сўз бормоқда. Келинг, уларни бирма-бир ўрганиб чиқайлик.
Осмон ва ернинг суви ила таҳорат қилинади, гарчи кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса ҳам.
«Осмон суви» деганда ёмғир, қор, дўл ва шудринг кабилар англанади. Аллоҳ таоло Анфол сурасида:  وَيُنَزِّلُ عَلَيْكُم مِّن السَّمَاء مَاء لِّيُطَهِّرَكُم بِهِ «У сизни поклаш учун устингизга осмондан сув туширган эди», деган (11-оят).
Шунингдек, Аллоҳ таоло Фурқон сурасида:  وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاء مَاء طَهُورًا «Ва осмондан пок сув туширдик», деган (48-оят).
«Ер суви» деганда булоқ, қудуқ, чашма, дарё ва денгиз сувлари кўзда тутилади.
Аллоҳ таоло Зумар сурасида:  أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ أَنزَلَ مِنَ السَّمَاء مَاء فَسَلَكَهُ يَنَابِيعَ فِي الْأَرْضِ «Аллоҳ осмондан сув тушириб, уни ердаги манбалардан оқизиб қўйганини кўрмадингми?!» деган (21-оят).
Ер юзидаги ҳамма сувларни Аллоҳ азза ва жалла осмондан ёғдирган. Хоҳ булоқ ва қудуқлар, хоҳ ер ости дарёлари ва ер усти дарёлари суви бўлсин, ҳамма-ҳаммасини Аллоҳ таоло осмондан тушириб қўйгандир. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلَ رَجُلٌ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّا نَرْكَبُ الْبَحْرَ وَنَحْمِلُ مَعَنَا الْقَلِيلَ مِنَ الْمَاءِ، فَإِنْ تَوَضَّأْنَا بِهِ عَطِشْنَا، أَفَنَتَوَضَّأُ بِمَاءِ الْبَحْرِ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «هُوَ الطَّهُورُ مَاؤُهُ، الْحِلُّ مَيْتَتُهُ». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз денгиз(кемаси)-га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан таҳорат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан таҳорат қилаверайликми?»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Мазкур сувларнинг ҳаммаси покдир ва покловчидир.
Агар кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса ҳам. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَجُلًا وَقَصَهُ بَعِيرُهُ وَنَحْنُ مَعَ النَّبِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ وَهُوَ مُحْرِمٌ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اغْسِلُوهُ بِمَاءٍ وَسِدْرٍ، وَكَفِّنُوهُ فِي ثَوْبَيْنِ، وَلَا تُمِسُّوهُ طِيبًا، وَلَا تُخَمِّرُوا رَأْسَهُ، فَإِنَّ اللهَ يَبْعَثُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مُلَبِّيًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 
«Бир одамни туяси йиқитди (ўлди). У эҳромда эди. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни сув ва сидр ила ювиб, икки кийимда кафанланглар. Унга хушбўй суртманглар ва бошини ҳам ёпманглар, чунки Аллоҳ уни қиёмат куни талбия айтган ҳолида тирилтиради», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.
Сувнинг ҳоли ўзи шуни талаб қилади, чунки сувга турли нарсалар тушиб ёки қўшилиб туриши табиий ҳол. Мисол учун, тупроқ, дарахтларнинг барги, чўпу хаслар ва бошқалар.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, сувга суюқ бўлмаган пок нарса аралашса, унинг поклигига зарар етказмайди.
Аммо (аралашган нарса) уни сувлик табиатидан чиқарган ёки (қайнатиб) пишириш ила ўзгартирган бўлса, ўша нарсадан назофа (тозалик) қасд қилинган бўлмаса, (у билан таҳорат қилиб) бўлмайди.
Бу ҳолатларда мазкур сувни таҳоратга ишлатиб бўлмайди.
Тозалик мақсадида сувга баъзи нарсалар қўшиб ишлатилади. Ўша нарсалар сувни ўз табиатидан чиқариб юбормаса, у сувни таҳорат ва ғусл учун ишлатиш мумкин. Масалан, кофур – мусулмон ўлкаларида кенг ишлатиладиган хушбўй модда бўлиб, маййитни ювишда уни сувга қўшиб ишлатилади. Бунда жасад тез қотади ва тез айнимайди.
Агар унга нажас аралашган бўлса, у оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб, ҳовучлаб олганда ери очилиб қолмайдиган бўлса, у нажас бўлмайди.
Бу жумладаги «ўнга ўн» ибораси сув сақланадиган ҳовузнинг ҳажмини билдириш учун айтилган. Яъни сув сақланадиган ҳовузнинг кенглиги ўн аршинга ўн аршин, эни ҳам, бўйи ҳам ўн аршиндан бўлса ва ундан ҳовучлаб сув олганда тагидаги ер очилиб қолмайдиган даражада чуқур бўлса, унинг бир тарафига нажас тушганда бошқа тарафидан таҳорат қилаверса бўлади, чунки бу ҳажмдаги ҳовузлар оқар сувнинг ҳукмида бўлади. Бунда ҳовузнинг сатҳи юз газ бўлса бўлди. Ҳовуз хоҳ доира шаклида бўлсин, хоҳ учбурчак шаклида бўлсин ёки эни тор, бўйи узун шаклда бўлсин, фарқи йўқ.
Ҳанафий мазҳаби уламолари, нажас нарса тегиши билан ёки тушиши билан нопок бўлиб қолмайдиган энг оз сув миқдори – эни ўн аршин, бўйи ўн аршинли ҳовузнинг сувига тенг, деганлар.
«Аршин» деганда ўртача одамнинг бармоқлари учидан тирсагигача бўлган узунлик тушунилади, бу 61,2 см.га тенг. Демак, эни ва бўйи 6 метру 12 см.дан бўлган ҳовузнинг суви ҳанафий мазҳаби бўйича, нажас нарса тушса, нопок бўлмайдиган энг оз сув ҳисобланар экан. رَوَى الطَّحَاوِيُّ عَنْ جَابِرٍ وَأَبِي سَعِيدٍ قَالَا: كُنَّا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي سَفَرٍ، فَانْتَهَيْنَا إِلَى غَدِيرٍ فِيهِ جِيفَةٌ، فَكَفَفْنَا وَكَفَّ النَّاسُ، حَتَّى أَتَانَا النَّبِيُّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: مَا لَكُمْ لَا تَسْتَقُونَ؟ فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ هَذِهِ جِيفَةٌ، قَالَ: اسْتَقُوا فَإِنَّ الْمَاءَ لَا يُنَجِّسُهُ شَيْءٌ، فَاسْتَقَيْنَا وَارْتَوَيْنَا  Тоҳавий Жобир ва Абу Саъиддан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ичида ўлимтик бор ҳовузга етиб бордик. Биз ҳам, одамлар ҳам тўхтаб қолдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб:
«Нимага сув олмаяпсизлар?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Бу ўлимтик», дедик.
«Сув олаверинглар, сувни ҳеч нарса нажас қилмайди», дедилар.
Бас, сув ҳам олдик, ичиб ҳам тўйдик».
Аммо таъмини, рангини ёки ҳидини ўзгартирса, нажас бўлади.
Бунда оқар сув бўлса ҳам, ҳовуз бўлса ҳам, барибир. 
عَنْ رَاشِدِ بْنِ سَعْدٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمَاءُ لَا يُنَجِّسِهُ شَيْءٌ إِلَّا مَا غَلَبَ عَلَى لَوْنِهِ أَوْ طَعْمِهِ أَوْ رِيحِهِ. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ  Рошид ибн Саъддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сувни ҳеч нарса нажас қилмайди. Илло, унинг рангига, таъмига ва ҳидига ғолиб келган нарсагина қилади», дедилар».
Тоҳавий ривоят қилган.
Лекин ундай (оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб ҳовучлаб сув олинганда ери очилиб қолмайдиган) бўлмаса, нажас тушган сув ҳам нажасга айланади.
Демак, мазкур ҳажмдан кичик бўлган ҳовузга нажас тушса, ундаги сув ҳам нажасга айланади. عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا يَبُولَنَّ أَحَدُكُمْ فِي الْمَاءِ الدَّائِمِ الَّذِي لَا يَجْرِي ثُمَّ يَغْتَسِلُ فِيهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз оқмай турадиган, кейинчалик унда ғусл қиладиган сувга зинҳор бавл қилмасин», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Сувда туғиладиган ва оқар қони йўқ нарса (сувда) ўлиб қолса, ҳечқиси йўқ.
Сувда туғиладиган ҳайвонлар балиқ, бақа, саратон каби маълум ва машҳур сув ҳайвонларидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида:
«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», деганлар. Шунингдек, сувда туғиладиган ҳайвонларда нажосат бўлган оқар қон йўқдир.
Оқар қони йўқ ҳайвонлар пашша, чигиртка ва капалак каби ҳайвонлардир. Улар сувдан бошқа таом, сирка каби нарсаларга тушиб қолса ҳам уларни нажосат қилмайди. عَنْ سَلْمَانَ: قَالَ لَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا سَلْمَانُ، كُلُّ طَعَامٍ وَشَرَابٍ وَقَعَتْ فِيهِ دَابَّةٌ لَيْسَ لَهَا دَمٌ سَائِلٌ فَمَاتَتْ فِيهِ فَهُوَ حَلَالٌ أَكْلُهُ وَشُرْبُهُ وَوُضُوؤُهُ . رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ  Салмондан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Салмон! Ҳар бир таом ёки шаробга қони йўқ жонзот тушиб, унда ўлиб қолса, уни ейиш, ичиш, 
(улар тушиб қолган сувдан) таҳорат қилиш ҳалолдир», дедилар».
Имом Дора Қутний ривоят қилган. ТАҲОРАТГА ЯРАМАЙДИГАН СУВЛАР Дарахт ёки мевадан сиқиб чиқарилган ва қурбатга ёки бетаҳоратликни кетказиш учун ишлатилган сув ила таҳорат қилинмайди.
Демак, уч хил сув билан таҳорат ва ғусл қилиб бўлмайди.
1. Дарахт (ўсимликлар) ёки мевадан сиқиб чиқарилган сув.
Дарахт, турли ўсимликлар, мевалар, полиз махсулотларидан сиқиб чиқарилган сувнинг тўлақонли сув эмаслиги ҳаммага маълум. Мусаннифнинг «сиқиб чиқарилган» сўзидан сиқиб эмас, масалан, кесиб қўйилганда оқиб чиққан сувлар мустаснодир.
2. Қурбат учун ишлатилган сув.
Бунда таҳорати бўла туриб, савоб учун яна таҳорат қилиш кўзда тутилган.
3. Бетаҳоратликни кетказиш учун ишлатилган сув.
Яъни таҳорат ва ғуслга ишлатилган сув. Валлоҳу аълам!

29 Апрел 2022, 03:36 | Савол-жавоблар | 151 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar