Турли масалаларда саволлар

Ассалому алайкум! Турли масалаларда саволлар бермоқчиман ва уларга берилган жавоблар тушунарли бўлиши учун саволларимни рақамлар билан белгиламоқчиман. 1. Аёл киши ўқитувчи бўлиб ишласа, инглиз тилидан репетиторлик қилса ва у қизлик даврида намоз ўқиса ҳам ҳижоб ўрамаган бўлса (ота-онаси қатъий талаб қўйгани учун-оқ қилиш шарти билан) ва турмушга чиққанидан сўнг ҳижоб ўраса ва у ўқиш йилларидан бошлаб репетиторлик қилиш даврида ёу тубеда канал очиб дарсларини видео шаклида тайёрлаган бўлса яъни каналида ҳам ҳижобсиз ҳам ҳижобли ҳолатли видеолари бўлса бундай ҳолатда у қандай йўл тутиши керак. Бу йўл билан топилган пул ўша аёлга ҳалол бўладими? 2. Бу видеоларини ҳукми қандай яъни ҳижобли, ёки ҳижобсиз ҳолатини ҳукми қандай? 3. Ҳижоб ўрамаган ҳолатдаги видеоларини ўчириб ташлаши керакми номаҳрамлар кўзи тушсада у фақат илм олишга қаратилган видео бўлгани учун ҳукми қандай? 4. Биз тарафларда қиз бола чақалоқ туғилса чилласини ичида чумоли инидан чиққан тупроқ ёки тандирдан олинган тупроқ олиниб сувга солиб чақалоқ чўмилтирилса ирими шу бўлсин деб унга аврат жойларига ортиқча туклар чиқмас экан. Бу тўғрими? 5. Баъзан одам касал бўлса қалдирғоч инини олиб ўша инни сувга солиб чўмилтирса яхши бўлиб кетармиш. Бу тўғрими? 6. Икки дугона дўстлашмоқчи бўлса айтайлик Аллоҳ йўлида деб қасам ичиши керакми? 7. Аёл кишини топган пули закот, қурбонликка етса бу учун эридан рухсат сўраши ёки эрига билдириши керакми? Биз тарафларда қурбонлик қилиш учун Худойли қилинади. Шуни аёл киши қилиши мумкинми? 8. Ўқув марказларда ишчи ўқитувчилар фоизга пул олади. Яъни айтайлик битта курс ойига одам бошига 200 минг сўм. Шу пулни ўқувчи марказга тўлайди. Ўқитувчига одам бошига шу пулдан 40% пул берилади. Бу пул ўқитувчига ҳалолми? Ўқув марказлар ўқитувчига айнан давлат ишидек маош тўлай олмайди. Чунки абитуриентлар доимий ўқувчилар эмас ва улар ўқишга киргани сари одам сони камайиб боради марказга. Шу учун ҳам ойлик фоиз ҳисобида тўланади? Бу пул ҳалолми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! 1). Ҳижобсиз ҳолатда дарс бергани ёки видео дарс тарқатгани учун топаётган ойлиги ҳаром бўлиб қолмайди.2). Номаҳрамлар кўзи тушадиган жойга тақдим қилиб қўйган бўлса гуноҳкордир.3). Яхши ният гуноҳ амални жоиз қилиб қўймайди. Ўша видеоларни номаҳрам эркакларнинг назари тушадиган жойлардан ўчириб ташланг.4-5). Динимизда бундай ҳукмлар йўқ.6). Қасам шарт қилинмаган. Холис Аллоҳ учун дўст тутинишни ният қилиши ва шунга кўра муомала қилиши кифоя.7). Хотиннинг ўз шахсий мулки учун ўзи жавобгардир. Нисобга етса ўзи закотини бериши, қурбонлик сўйиши зиммасидаги вожибдир. Бунга эрининг ёки бошқа инсонларнинг рухсати керак эмас.8). Ҳалол. Валлоҳу аълам!

4 Сентабр 2022, 12:49 | Савол-жавоблар | 165 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar