Намозда васваса

Ассалому алайкум! Мен кўпдан буён таҳоратда ва намозда васвасада эдим бу нарса истамасамда кўплаб намозларни қазо қилишимга сабаб бўлди ва катта стрессларга ҳам учрадим бу билан намозни тўхтатиб қўйганим йўқ, шукрлар бўлсинки таҳоратдаги васвасадан анчагина қутулдим , аммо намозда жуда қийналаяпман жамоатда болган пайтларда васвасани таʼсири камроқ бўлади, аммо уйда ўқисмам жуда ёмон бўлади яʼни намозда қайси ракатда турганимни неччи марта сажда қилганимни билмайман в бу холатдан хайронман ўқишларимнинг ҳам мазаси йўқ ҳеч нарсани ўз вақтида қилолмайман зехним ҳам тенгқурларимникидай яхши эмас (буни ношукурлик деб ўйламанг сизга холатимни тушунтириш учун айтяпман) дин менга жуда қийин туюляпти саволларим эса жуда кўп булар стрессларга сабаб бўлмоқда. Аллоҳ мени кўриб турганини биламан, қабр азоби жуда ёмонлигини биламан Аллоҳдан қўрқиш ва егʼлаб дуолар қилиш кераклигини биламан аммо ўзимда бу туйғуларни ҳис қилмайман хоҳласамда. Бир Жума куни Аллоҳни зикрлар қилдим ва Бақара сурасини тўлиқ эшитдим аммо шунда ҳам ундай ўзгаришни сезмадим. Менга ёрдам беринг илтимос!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз каби қалбида Аллоҳга бўлган кучли интилиш бор бўлсада амалда нафсининг ҳийлалари туфайли натижага эриша олмаётган диндошларимизга ва бизнинг ўзимизга ҳам тавсиямиз шуки, Аллоҳга қурбат ҳосил қилган, тақвода истиқоматга эришган, ибодатда паҳлавон, ҳиммати баланд, шижоатли ва ғайратли, тақволи мўминларга яқин юрайлик. Солиҳлар сафига қўшилайлик. Аллоҳ таоло бу иш муҳим эканлиги учун ояти билан буюрган. Кўпроқ рўза ҳам тутинг, зикр ва истиғфорларда бардавом бўлинг. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида:يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَكُونُواْ مَعَ الصَّادِقِينَ۝119. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар! деб марҳамат қилади. 
Ашраф Али Таҳонавийнинг охирги ўринбосарлари Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳининг муриди ҳикоя қилади : «Мен, бир биродаримиз ва устозимиз Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ билан бир устознинг зиёратига бормоқчи бўлиб, уйдан чиқдик. Борадиган жойимиз унчалик узоқ эмасди, лекин Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ кексайиб қолганлари учун таксига чиқсакмикин деб, уй олдида бир оз тўхтаб қолдик. Ўн-ўн беш қадам нарида бир такси турар, ҳайдовчиси эса бизни кузатиб турарди. Маслаҳатлашиб, таксида борадиган бўлдик. Ҳайдовчи у томон юрганимизни кўриб, машинасининг эшикларини очиб, бизни кутиб олди. Машинага ўтиргач, Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ «Аллоҳ таоло Ўзи ҳохлаган кишисини (пайғамбарликка) танлаб олур ва Унга илтижо қилувчи кишини ҳидоят қилур» деган оятни ўқиб, шундай дедилар: «Аллоҳ таоло пайғамбар, расул ва баъзи валий бандаларини улардан бирор ҳаракат бўлмай туриб ҳам Ўзига дўст қилиб олади. Шу тариқа улар Аллоҳ таолонинг муқараб бандаларига айланадилар. Бироқ, яна баъзи бандаларни Аллоҳ таоло мана шу ҳайдовчи каби кузатиб туради. Агар улар Аллоҳ таоло томон юрсалар, ҳайдовчи бизга машинасининг эшикларини очгани каби, Ўзининг раҳмат эшигини очади, Ўзи томон интилган бандаларни мақсадларига эриштиради. Агар бошқа йўлни ихтиёр қилишсалар, уларни ўз ҳолига ташлаб қўяди», дедилар. Кун иссиқ эди. Ҳайдовчи машинанинг кондиционерини ёқиб қўйди, лекин машинанинг салони ҳадеганда совийвермади. Ҳайдовчи йўлдан кўзини узмай: «Бирортангиз томондаги ойна очиқ шекилли, илтимос, беркитиб қўйинглар», деди. Ростдан ҳам, шеригимиз томондаги ойна очиқ экан, уни беркитиб қўйдик. Ойналар ёпилгач, машинанинг ичи яна ҳам исиб кетгандек бўлиб, бироз беҳаловат бўлдик. Бироқ, сал ўтмай машинанинг ичи салқин бўлиб қолди, жонимиз кириб, баданимиз роҳатланди. Шунда Аброрулҳақ роҳматуллоҳи алайҳ “Раъд” сурасидаги «Иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» оятини ўқидилар, сўнг «Иссиқ кунда ҳамма сўлим-салқин жойга қочади. Бироқ, Аллоҳнинг зикри қалб учун салқин жойдан-да роҳатлироқдир. Зикр – гўё иссиқдан беҳаловат бўлган қалбнинг кондиционеридир. Лекинالعينان نافذتا القلب «Кўзлар қалбнинг деразаларидир» дейилган. Агар инсоннинг кўз деган ойнаси ҳаромдан, қулоқ деган ойнаси беҳуда гап-сўзу шайтоннинг нағмаларидан, оғиз деган ойнаси ғийбату бефойда сафсаталардан ёпилмас экан, зикр қалбга ором бағишлай олмайди», дедилар».
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Қайси бир мусулмоннинг назари бирор аёл кишининг чиройига тушиб, ундан кўзини юмса, Аллоҳ у учун ҳаловатини топадиган ибодатни беради” дедилар». Ҳадиси қудсийда:“Номаҳрамларга қараш Иблиснинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким мендан қўрққанлигидан ўша қарашни тарк қилса, эвазига қалбида ҳаловатини топадиган иймонни ато қиламан” дейилган. 
Табароний ва имом Ҳоким ривояти. Валлоҳу аълам!

18 Август 2023, 06:56 | Савол-жавоблар | 0 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar