Қарз қасами никоҳ билан

Ассалому алайкум! (Бир танишимни қийнаётган саволи) Бир қиз, эркак танишидан бир миқдор қарз бўлиб қолади! Улар тортишиб қолиб, эркак қарзинни беришинг хақида қасам ич дейди, қиз: - Агар, тўйимгача олган пулларимни, қарзимни тўламасам (қайтармасам), бўлажак никоҳим харом бўлсинг, фарзандларим харом бўлсинг деб қасам ичади! Энди қиз қарзни бериш нияти йўқ! Эркак эса пулдан кечиш нияти йўқ! Лекин қиз турмуш қурса никоҳи ва фарзандлари харом бўладими!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Турмуш қурса никоҳи ва фарзандлари ҳаром бўлиб қолмайди. Қарзни қайтармаса ўзганинг ҳаққини ноҳақ егани учун оғир гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳаром-ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан қатъий равишда қайтарган.
Аллоҳ таоло: «Бақара» сурасида:وَلاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُواْ بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُواْ فَرِيقًا مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ۝«Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг», деган (188-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил-ҳаром йўл билан емоқдан қайтармоқда.
Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади дегани. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», деган эканлар.
Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳокимнинг ҳукми ила ҳалол - ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча бўлмайди. Балки ҳамма нарсани кўриб билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатига қараб ҳукм чиқаради.
Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатвориши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳақидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», деганлар.
Зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди.
Имом Қуртубий, «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар киради», деганлар.عن أبي هريرة رضي الله عنه: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: مَن أخذ أموال الناس يريد أداءها أدَّى الله عنه، ومن أخذها يريد إتلافها أتلفه الله. رواه البخاريАбу Ҳурайра розяллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким одамларнинг мол-пулларини қайтариб бериш ниятида олса, Аллоҳ унинг учун адо этиб (қайтариб) беради, ким зарар етказиш ниятида олса, Аллоҳ унга зарар етказади”, дедилар”. 
Имом Бухорий ривояти. Валлоҳу аълам!

8 Октабр 2023, 22:07 | Савол-жавоблар | 0 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar