Салон

Ассалому алайкум! Мен салончи аёлга шогирт тушганимга 1 ҳафта бўлди. Менга қош теришни ўргатаётганда мен ўрганишим шарт эмас барибир қош термайман десам “нега термайсан сен мажбурламаяпсанку. Гуноҳ бўлмайди” деди. Ростдан ҳам ўзлари ҳоҳлаб кирса бизга гуноҳ бўлмайдими. Қош терсам ҳам гуноҳлигини эслатиб розилигини олиб терсам бўладими.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Жоиз эмас. Қошни териш ҳам тердириш ҳам лаънатланган ишлардан.عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَعَنَ اللهُ الْوَاشِمَاتِ وَالْمُسْتَوْشِمَاتِ، وَالنَّامِصَاتِ وَالْمُتَنَمِّصَاتِ، وَالْمُتَفَلِّجَاتِ لِلْحُسْنِ الْمُغَيِّرَاتِ خَلْقَ اللهِ، فَبَلَغَ ذَلِكَ امْرَأَةً مِنْ بَنِي أَسَدٍ تَقْرَأُ الْقُرْآنَ اسْمُهَا أُمُّ يَعْقُوبَ، فَأَتَتْهُ فَكَلَّمَتْهُ فَقَالَ: وَمَا لِي لَا أَلْعَنُ مَنْ لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ فِي كِتَابِ اللهِ، فَقَالَتِ الْمَرْأَةُ: لَقَدْ قَرَأْتُ مَا بَيْنَ لَوْحَيِ الْمُصْحَفِ فَمَا وَجَدْتُهُ، قَالَ: لَوْ قَرَأْتِيهِ لَوَجَدْتِيهِ، قَالَ اللهُ تَعَالَى: - وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا -، قَالَتِ الْمَرْأَةُ: إِنِّي أَرَى شَيْئًا مِنْ هَذَا عَلَى امْرَأَتِكَ الْآنَ، فَقَالَ: اذْهَبِي فَانْظُرِي، فَدَخَلَتْ عَلَى امْرَأَتِهِ فَلَمْ تَرَ شَيْئًا، فَعَادَتْ فَقَالَتْ: مَا رَأَيْتُ شَيْئًا، فَقَالَ: أَمَا لَوْ كَانَ ذَلِكَ لَمْ نُجَامِعْهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّАбдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин», деди.
Бу гап Бану Асадлик Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради. Бас, у:
«Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман? Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида ҳам бор», деди.
«Мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги ҳамма нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди аёл.
«
(Яхшироқ) ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар», деган», деди у.
«Шу нарсадан баъзиси сенинг хотинингда ҳам бор, деб ўйлайман», деди аёл.
«Бориб, қара», деди у. Аёл унинг хотинининг олдига кириб, ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб:
«Бирор нарса кўрмадим», деди.
«Ўша нарса бор бўлганида, у билан жам бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ривоятни синчиклаб ўргансак, муолажа қилинаётган масалага оид кўпгина нозик жиҳатларни англаб олишимиз мумкин.
Маълумки, ривоятларнинг аввалида келадиган «Абдуллоҳ»дан мурод улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудирлар. У киши аёллар ичида содир бўлиб турадиган баъзи ношаръий ишларнинг сабабчиси бўладиган аёлларни қоралаб:
«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчиларни лаънатласин», деди».
Ушбу жумлада беш турли аёллар лаънатланмоқда:
1. «Вашм қилувчи аёлларни»
2. «Вашм қилдирувчи аёлларни»
Бу икки тоифадаги аёллар кимлигини юқорида ўргандик.
3. «Мўйчинак ила терувчи аёлларни»
Булар мўйчинак ила аёлларнинг қошлари, пешоналари, юзларидаги тукларни терадилар.
4. «Мўйчинак ила тердирувчи аёлларни»
Булар чиройли кўриниш мақсадида қошлари атрофидаги тукларни мўйчинак ила тердириб, қошларини ингичка қилдирадилар. Шунингдек, бошқа жойларидаги тукларни ҳам тердирадилар.
5. «Тиш орасини очувчиларни»
Булар соғ тишларини эговлаб, орасини очишади.
Мазкур ишларнинг ҳаммаси ривоятда айтилганидек «ҳусн учун» қилинса, лаънатга қолинади.
Чунки бу ишларни «ҳусн учун» қилувчилар - «Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчилар»дир.
Аммо бу ишлар зарурат юзасидан, хасталик туфайли бўлса, жоиз.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бу гаплари атрофга тарқалди.
«Бу гап Бану Асадлик Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради».
Гапнинг сиёқидан Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ушбу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлганидан бехабар бўлганлару, бу Абдуллоҳнинг ўзидан чиққан гап, деб у киши билан тортишгани келганга ўхшайдилар. У кишининг «Нимага аёлларни лаънатламоқдасан?!» қабилидаги гапларига Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:
«Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман? Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида ҳам бор», деди».
Бу билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Умму Яъқуб розияллоҳу анҳога мазкур ишларни қилган аёлларни аслида ўзи эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаганларининг хабарини берди. Шу билан бирга, у киши Умму Яъқубнинг Қуръони Каримдан яхши хабардор зот эканларини эътиборга олиб, «ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида ҳам бор», деди».
Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо бу гапни тўғрича тушуниб:
«Мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги ҳамма нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди».
Яъни, Қуръони Каримнинг ҳамма оятларини яхшилаб ўрганганман, унда сен лаънатлаган беш тоифа аёлларни лаънатлаш маъноси йўқ, деган гапни айтди.
Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юқоридаги гапдан нимани ирода қилаётганларини очиқ баён қилдилар:
«(Яхшироқ) ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар», деган», деди у».
Мана шу ояти каримага кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳар бир шаръий нарсани олмоғимиз ёки тарк қилишга амр қилинган нарсани тарк қилмоғимиз лозим. Модомики Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни қилган аёлларни лаънатлаган эканлар, биз ҳам уларни лаънатламоғимиз керак. Шунинг учун мен айтган гаплардан аччиғинг чиқмасин, аслида у гапларни мен эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар, дедилар.
Лекин Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ҳам бўш келмади. Бўлаётган баҳсни давом эттириб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга:
«Шу нарсадан баъзиси сенинг хотинингда ҳам бор деб ўйлайман», деди аёл».
Умму Яъқуб мазкур қалбаки ишларни ҳамма хотинлар қиладилар, деб тушунар эканлар. Шунинг учун у киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни нозик жойидан тутмоқчи бўлиб, юқоридаги гапни айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
«Бориб, қара», деди».
Яъни, менинг хотиним ҳам ўша шариат ҳаром қилган ишлардан баъзисини қилади, деб хаёл қилаётган бўлсанг, бориб хотинимга назар сол, яхшилаб қара, ўша даъво қилаётган нарсалардан қай бирини кўрар экансан, дедилар.
«Аёл унинг хотини олдига кириб, ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб:
«Бирор нарса кўрмадим», деди».
Шу ўринда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломга фақат ўзлари эмас, балки оила аъзолари ила биргаликда амал қилишлари аён бўлмоқда. У киши шариат ишларида оилаларига ҳам қаттиқ турганларини Умму Яъқубга айтган қуйидаги гапларидан ҳам билиб олсак бўлади.
«Ўша нарса бор бўлганида, у билан жам бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ».
Яъни, агар хотиним ўша шариат ҳаром қилган ишлардан бирортасини қилган бўлганида, ажраб кетган бўлар эдик. Ундай хотинни мен дарҳол талоқ қилардим.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Вашм қилиш ҳаром эканлиги.
2. Вашм қилдириш ҳаром эканлиги.
3. Мўйчинак ила аёлларнинг қош ва бошқа тукларини териш ҳаром эканлиги.
4. Мўйчинак ила қош ва бошқа тукларини тердириш ҳаром эканлиги.
5. Эговлаб ёки бошқа услуб ила тишларнинг орасини очиш ҳаром эканлиги.
6. Мазкур ишларни ҳусн учун қилиш ҳаромлиги. Шаръий узр ила қилса, жоиз.
7. Мазкур ишларни ҳусн учун деб қилиш Аллоҳ таолонинг яратганини ўзгартириш ҳисобланиши.
8. Аёллар ичида Қуръони Каримни яхши ўрганиб, ном чиқарган шахслар бўлгани.
9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапга ўхшаш гапни айтиш мумкинлиги.
10. Ўша пайтда аёллар ҳам шаръий масалаларда эркаклар билан тортишгани.
11. Бевосита зикр қилинмаган нарсани ҳам асли Қуръони Каримда бўлса, бу нарсани Қуръони Каримда бор, деб айтилса жоизлиги.
12. Олим ва муқтадо кишилар бирор ҳукмни айтишдан олдин ўша ишни ўзи ва оила аъзолари қандай бажараётганларига бир назар солиб олиши кераклиги.
13. Эр ўз хотинига шариат ҳаром қилган ишни қилишга йўл қўймаслиги лозимлиги.
Ушбу мавзуда сўз кетар экан, шариатимиз Аллоҳ таоло яратган асл хилқатни ўзгартиришни, сохта чирой ҳосил қилиб, ўзгаларни алдашни ҳаром қилганини алоҳида таъкидламоқ лозим. Чунки бунга ўхшаш ишлар Аллоҳ таоло яратган нарсани ўзгартириш, Яратганнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар. Ундан сўнг бу каби нарсаларда қаллобликка ўрганган киши бошқа нарсаларда қаллоблик қилмасмиди? Албатта, қилади. Оқибатда ҳозиргига ўхшаб, ҳамма нарса қаллобликдан иборат бўлиб қолади.
Ислом инсонларнинг гўзалликка интилишини тўғри баҳолайди. Балки, уларни гўзалликка ундайди. «Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади», дейилади ҳадиси шарифлардан бирида. Лекин Аллоҳ таоло халқ қилган нарсани бузиш гўзаллик ҳисобланмайди. Балки табиати бузуқлик бўлади. Бўлмаса, соғ турган тишни эговлаб, бир қисмини олиб ташланармиди? Бўлмаса, Аллоҳ таоло ато қилган табиий сочи туриб, турли қилларни бошига улаб, ўзича хурсанд бўлиб юрармиди? Бўлмаса, соғ танасини игна билан жароҳатлаб, жароҳат устига ранг сепиб, терисини бузармиди? ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

27 Ноябр 2023, 13:47 | Савол-жавоблар | 0 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar