Сулхдаги битмга қилинган ахд (риоя)

Ассалому алайкум! Мен сизларни каналларингиз оркали бериладиган савол жавобларни куп йиллардан бери кузатиб бораман ва шундай каналлар борлиги учун Аллохга шукрлар килиб сизларни илмларингиз яна хам зиёда булиши ва купчилик охирати учун фойда булишини дуо килиб бир савол бермокчи эдим. Ҳудауз. телеграм каналида Пайгамбаримиз Мухаммад саллолоху алайхи вассаламнинг гузал сийратларига багиланган Сафиюррахмон Муборакфурийнинг "Ар-Рахик Ал-Махтум" асарининг аудио китобининг 56 чи кисмида Пайгамбаримиз Худайбийа умраси учун Маккага йул олганлари хакида боради. Ушанда Макка мушриклари уларни Маккага йулатмаслик учун туриб олишади. Шунда Пайгамбаримиз Мухаммад саллолоху алайхи вассалам улар билан Сулх тузишга келишиб оладилар. Сулхдаги битим ва ажримлардан биттаси Абу Жандални отаси Сухайлга кайтариб бериш булган экан. Шунда Абу Жандал бу келишувга раддия бериб, мусулмонлар узлари куллари билан мани мушрикларга топширадими деб норозилик килаганда, Пайгамбаримиз унга Эй Абу Жахл сабр кил, Аллох сенга албатта кенглик килади деган эканлар. Саволим: шу Абу Жандал такдири нима булган? Агар утказиб юборгмаган булсам аудио китобни уша ва кейинги кисмларида бу хакда гап бормаган.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Абу Жандал ибн СуҳайлБу саҳобий Исломнинг аввалги давридаёқ Маккада мусулмон бўлган эдилар. Оталари ўғлим ҳижратга кетиб қолмасин, деб занжирбанд қилиб қўйгани учун ҳижрат қила олмай Маккада қолиб кетган эдилар. Ҳудайбийя сулҳига имзо чекилганидан кейин Абу Жандал мусулмонлар томонига ўтиб кетдилар. Бу зотнинг мусулмонлар томонига ўтишлари катта ғавғога айланиб кетди. Чунки бу мусулмонлар ва мушриклар ўртасида тузилган сулҳ шартномасига зид бўлиб, Ҳудайбия сулҳида мусулмонлардан ким мушриклар томонига ўтса қайтарилмаслиги, лекин мушриклар томонидан бирор киши ўтса, қайтариб берилиши кўзда тутилган эди. Абу Жандал минг машаққат билан тутқунликдан қутулиб, занжирларини судраганича мусулмонлардан паноҳ сўраб келганларида ота ўғлининг қайтарилишини Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламдан  қаттиқ талаб қилиб туриб олди: «Сулҳ шартларига мувофиқ сиздан биринчи бўлиб сўрайдиганим шудир, агар берилмаса, сулҳ бузилади». Расули акрам сулҳ ҳукмидан Абу Жандалнинг истисно қилинишини хоҳлаган эдилар. Бироқ отаси Суҳайлнинг қайсарлигини кўриб сулҳни қутқариб қолишни ўйладилар ва валийсининг истагига кўра Абу Жандални топширишга рози бўлдилар. Бечора Абу Жандал бу ҳолдан қаттиқ қайғуриб, хафа бўлиб қолдилар: – Мен мусулмон бўлганим учун шундай зулмларга, азобларга учраган эдим. Яна мени қайтадан зулм ичига отмоқчимисизлар? Яна мушриклар қўлига топширмоқчимисизлар? – У титраб-қақшаб ҳаммага жавдираб қарар, баданидаги яраларни кўрсатиб, изтиробли аҳволини тушунтирмоқчи бўлар, мусулмонларнинг марҳаматидан умидвор эди.  Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тасалли беришга уриниб кўрдилар. «Биз шу нарсага битим тузганмиз. Бу битимни бажаришга мажбурмиз. Сен сабр қилгин, Аллоҳдан умидингни узма, Аллоҳ Ўзи яқинда сени ва сен кабиларни рўшноликка чиқаради», дедилар. Абу Жандал Яна ўша кишанлар ичида Маккага қайтишга мажбур бўлдилар. Ўша пайтда вазият ўта нозик, асаблар таранглашган эди. Абу Жандалга татбиқ қилинган муомала мусулмонларни ғалаёнга келтирди. Абу Жандалнинг такроран золимлар қўлига топширилиши чидаб бўлмас бир манзара эди. Ҳатто Ҳазрати Умар ҳам бу ҳолга чидай олмадилар. Расули акрамнинг ҳузурларига бориб: – Сиз Аллоҳнинг Пайғамбари эмасмисиз, даъвойингиз ҳақ даъво эмасмиди, бу залолатни нега қабул қиляпсиз, – дея таъна қилишгача бордилар.  Шунда Пайғамбар алайҳиссалом унга: – Муҳаққақ, мен Аллоҳнинг Пайғамбариман. Аллоҳга исён қилганим ҳам йўқ. Биздан уларга кетганларни (яъни Исломдан чиққанларни) Аллоҳ биздан узоқ қилсин. Улардан бизга келганлар учун эса Аллоҳ, албатта, бирор чора яратади, – дедилар. Абу Жандал кўп ўтмай маккалик мушриклар исканжасидан қутулдилар. Мадинага борсам, яна мушриклар жанжал кўтаради, деган фикрда ўзига ўхшаб мушриклар тазйиқидан қочиб юрган Абу Басир  изидан Макка ва Шом йўли оралиғидаги Ис деган жойда ўрнашиб қолдилар. Бу ер бетараф ва хавфсиз бир чегара бўлиб, қурайшийларнинг Шом тижорат карвони шу ердан ўтар эди. Лекин Абу Жандалга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик пайтларида ғазотга чиқиш насиб қилмади. Кейинчалик у киши Шом шаҳрига мужоҳид бўлиб чиқиб кетдилар. Ва Авомис вабоси сабабли ҳижратнинг 18-йили ўша ерда вафот этдилар. Валлоҳу аълам!

13 Декабр 2023, 11:36 | Савол-жавоблар | 0 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar