ОИВ вируси ҳақида

Ассалому алайкум! Бир нозик масала ҳақида мурожаат этмоқчиман. Айтайлик бир инсон аҳмоқлик қилиб бир фоҳиша билан зино қилиб қўйсаю, ўша фоҳишадан оив вирусини юқтириб олса ва ўзи билмаган ҳолда бу вирусни хотинига ва фарзандларига юқтириб қўйса ўша инсон қай даражада гуноҳкор бўлади? У инсон қилган ишидан ўша вақтнинг ўзида пушаймон бўлган ва тавба қилган. Ўша инсон ўзига хотинига ва фарзандларига етган азият учун савоб умид қилса бўладими? Сабаби у инсоннинг ўзи аслида ҳаммасига айбдор.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Фурқон” сурасида марҳамат қилади:إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَّحِيمًا۝70. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Юқоридаги оятдан «Мазкур гуноҳларни қилганлар тамоман умидларини узар эканлар-да» деган маъно чиқиб қолмаслиги учун ушбу оятда тавба эшиги доимо очиқлиги баён қилинмоқда. Ўша уқубатдан мустасно бўладиганлар ҳам бор экан. Ундай одамлар қаторига
«…ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса», ўша киради.
Яъни қилган гуноҳидан тамомила қайтса, иккинчи бор қилмаса, иймон келтириб, мўмин бўлса ва иймон тақозосига кўра солиҳ амал этса, мазкур азобга дучор бўладиганлардан мустасно бўлади. Вақтида қилган хатосини англаб, тавба этган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган бандаларни Аллоҳ таоло муносиб тақдирлайди.
«…бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур».
Аллоҳнинг файзини, марҳаматини қаранг! Яратган бандаси нонкўрлик қилса, Унга ширк келтиришдек улкан зулмни амалга оширса, Унинг амрига исён қилиб, одам ўлдирса ёки зино қилса-ю, сўнгра тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, унинг гуноҳларини савобга алмаштириб қўйса! Бундан ҳам ортиқ мағфиратлилик, бундан ҳам ортиқ раҳмлилик бўладими?!
«Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».
Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган Зотдир.
Бўлмаса, тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликларини яхшиликка алмаштирмас эди.
Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда айтилишича:
«Абу Фарва Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
– Айтинг-чи, бир одам ҳамма гуноҳларни қилган бўлса, каттаю кичигини қўймаган бўлса, тавба қилса бўладими? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Исломга кирдингми?! – дедилар. У:
– Ҳа! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Яхшиликларни қилавер. Ёмонликларни тарк эт. Аллоҳ сенга ҳаммасини яхшилик қилиб беради, – дедилар. У:
– Алдамчиликлариму фожирликларимни ҳамми?! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ҳа! – дедилар.
У такбир айтиб («Аллоҳу Акбар!!!» деб), қайтиб кетди. Кўздан кўринмай қолгунча такбири эшитилиб турди».
Лекин бундай ҳолга эришиш учун тавба ҳақиқий бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқат келаси оятда яна бир бор таъкидланмоқда:وَمَن تَابَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَإِنَّهُ يَتُوبُ إِلَى اللَّهِ مَتَابًا۝71. Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтадир.
Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта экани унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ – яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир. Шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмайди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

20 Декабр 2023, 09:35 | Савол-жавоблар | 0 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar