1-2 дақиқа кеч оғизни ёпиш

Ассалому алайкум! Биз илмсизлигимиз туфайли рўза тутишда баъзида тақвимдан 1-2 дақиқа кеч қолиб оғиз ёпиб тутибмиз. Энди бошимиз қотди неча кун шундай бўлганини билмаймиз лекин кўп бўлди. Уч турт минут катта ахамият касб этмайди дебмиз. Буни хукми қандай бўлади?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Рамазондан кейин ўша кунларнинг қазосини тутиб берасизлар. إذَا تَسَحَّرَ وَهُوَ يَظُنُّ أَنَّ الْفَجْرَ لَمْ يَطْلُعْ فَإِذَا هُوَ قَدْ طَلَعَ أَوْ أَفْطَرَ وَهُوَ يُرَى أَنَّ الشَّمْسَ قَدْ غَرُبَتْ ثُمَّ تَبَيَّنَ أَنَّهَا لَمْ تَغْرُبْ أَمْسَكَ بَقِيَّةَ يَوْمِهِ قَضَاءً لِحَقِّ الْوَقْتِ  فَقَدْ تَضَمَّنَتْ هَذِهِ الْمَسْأَلَةُ خَمْسَةَ أَحْكَامٍ أَحَدُهَا أَنَّهُ يَفْسُدُ صَوْمُهُ وَالثَّانِي أَنَّ عَلَيْهِ الْقَضَاءَ لِأَنَّهُ فَوَّتَ الْأَدَاءَ Бир киши тонг отмади деб саҳарлик қилсаю, тонг отиб бўлган бўлса, қуёш ботди деб оғиз  очган бўлсаю, қуёш ботмаганлиги аниқ бўлса, ейишни тўхтатади. Шундай қилиб бу масаладан бешта ҳукм олинади. 1-рўзаси фосид бўлади. 2-зиммасига қзо лозим бўлади. Чунки у вақтни қўлдан бой берди. (Ҳидоя ва Жавҳаратун наййира). "Тафсири ҳилол" китоби “Бақара” сураси 187-ояти тафсирида қуйидагича келган : وَكُلُواْ وَاشْرَبُواْ حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ «Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг». Имом Бухорий Адий ибн Хотимдан ривоят қиладиларки, у киши: «Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг» деган оят нозил бўлганда, битта оқ, битта қора ипни олдим-да, ёстиғимнинг остига қўйдим. Уларга қараб-қараб туриб, оқи қорасидан аён бўлганда, оғзимни беркитдим. Тонг отиб, кундузи бўлганда, Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, қилган ишимни айтиб бердим. У киши: «Ундай бўлса, ёстиғинг кенг экан-да, у гап кундузнинг оқи билан кечанинг қораси ҳақида эди», – дедилар». Бу пайт фажри содиқ дейилади ва ёруғликнинг уфқда тарқалишини билдиради. Шундан келиб чиқиб, тонг маълум бўлиши биланоқ тўхтатиш керак. Ундан ўтказиш худди намозни вақтини чиқариб, қазосини ўқиш кабидир. Валлоҳу аълам!

29 Апрел 2022, 21:51 | Савол-жавоблар | 165 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar