шия ҳақида - ШИЙЪА

ШИЙЪА "Шийъа" сўзи луғатда, "тарафкаш" маъносини англатади. Ислом оламида эса, ҳазрати Алига тарафкашлик оқибатида кўпчилик мусулмонлардан ажралиб, алоҳида йўл тутган тоифага айтилади. Аслида, шийъа мазҳабининг келиб чиқишига сиёсий ихтилофлар сабаб бўлган. Учинчи халифа ҳазрати Усмон (р.а.) нинг вафотларидан сўнг келиб чиққан қарама-қаршиликларнинг бир тарафида ҳазрати Али ибн Аби Толиб карамуллоҳу важҳаҳу бўлдилар. У кишига тарафдор бўлганлар кейинчалик шийъа мазҳабини келтириб чиқардилар. Ҳазрати Алининг ўзлари бу гаплардан бехабар ўтганлар. Хулоса шуки, шийъачилик аввалдан ўйлаб, режалаштириб тузилган ҳаракат ёки мазҳаб эмас, балки, сиёсий тарафкашлик оқибатида мухолиф тарафга зид ўлароқ аста-секин шаклланган бир мазҳабдир.Тарихчилардан баъзилари бу мазҳабнинг бошланиш даври саҳобалар ўртасида содир бўлган машҳур "Сиффийин" урушига тўғри келади, дейдилар. Кейинчалик шийъалар кўплаб фирқаларга бўлиниб кетганлар.Ҳозирги куда аҳли сунна вал жамоа мазҳабига муқобил саналадиган, энг асосий шийъа мазҳаби, "имомия" ёки "исно ашария" деб номланади. Яъни, улар ўн икки имомга эътиқод қиладилар, шунинг учун мазкур номни олганлар. Имомия мазҳабидаги шийъалар эътиқод қиладиган имомлар қуйдагилар:1. Али ибн Аби Толиб, розияллоҳу анҳу.2. Ҳасан ибн Али, розияллоҳу анҳумо.3. Ҳусайн ибн Али, розияллоҳу анҳумо.4. Али Зайнул Обидийн ибн Ҳусайн.5. Муҳаммад ал-Боқир ибн Али Зайнул Обидийн.6. Жаъфар ас-Содиқ ибн Муҳаммад ал-Боқир.7. Мусо ал-Козим ибн Жаъфар ас-Содиқ.8. Али Ризо ибн Мусо ал-Козим.9. Муҳаммад ал-Жавод ибн Али Ризо.10. Али ал-Ҳодий ибн Муҳаммад ал-Жавод.11. Ҳасан ал-Аскарий ибн Али ал-Ҳоидий.12. Муҳаммад ал-Маҳдий ибн Ҳасан ал-Аскарий.Шийъаларнинг ўн иккинчи имоми, Муҳаммад ал-Маҳдий тўрт ёки саккиз ёшида Сорраман раъо деган жойда отасининг ҳовлисида бир ғорга ўхшаш жойга кириб кетгану бир куни қайтиб чиқади, деб эътиқод қиладилар.Шунингдек уранинг ақийдаси бўйича, имомлик, яъни ягона диний раҳбар бўлиб, у аввалги имомнинг васияти ила кейинги имомга ўтади. Мисол учун, пайғамбар (с.а.в.) ўзларидан кейин имомликни ҳазрати Алига васият қилганлар, ўз навбатида, ҳазрати Али, имом Ҳасан ва Ҳусайинга ва ҳакозо. Шийъаларнинг эътиқоди бўйича, имом гуноҳлардан пок, тўлиқ илм соҳиби бўлади. Пайғамбардан фарқи, ваҳий тушмаслигида, холос. Имомлар мўъжиза соҳиби ҳам бўладилар.Улар ҳар куни шом намозидан кейин, имом Маҳдий кириб кетган, деб эътиқод қилинадиган ғор оғзига бир уловни олиб бориб, то юлдузлар кўрингунча, имомнинг исмини айтиб чақирадилар, сўнгра эртага қайтиб келамиз, деб тарқалишади. Улар, имом чиқса, ер юзини адолатга тўлдиради, шийъаларнинг душманларидан ўч олади, деб эътиқод қиладилар.Имомия шийъаларининг энг машҳур ақийдаларидан бири "тақияя" дир. Яъни, бу - инсон ўзини сақлаш учун баъзи ҳийла ва алдовларни ишлатиши мумкин, деган гап. Имомия мазҳабидагилар ҳузурида "тақияя" диннинг аслидан ҳисобланади, ким унга амал қилмаса, намоз ўқимаган билан баробар бўлади. Ким уни тарк қилса, диндан чиқади. Бу гапларига ўзларининг бешинчи имомлари Жаъфар ас-Содиқнинг: "Тақияя менинг ва оталаримнинг дини, кимнинг тақияяси бўлмаса, иймони ҳам йўқдир", деган гапини далил қилиб келтирадилар.Имомия шийъаларини машҳур қилган сабаблардан бири "мутъа" никоҳидир. Яъни, мазза қилиш учун уйланиш. Бир аёл билан келишиб, ҳаққини бериб, маълум муддат, кун ёки соатга никоҳ қилиб олиш. Улар мутъа никоҳини энг яхши ибодат, қурбат ҳосил қилишнинг афзал йўли, деб эътиқод қиладилар.Шийъалар кўпчилик саҳобалрни, айниқса, уч халифа: Абу Бакр Сиддиқ, Умари Одил ва Усмон Зуннурайниларни лаънатлашади. Уч халифа зулм билан Алидан халифаликни тортиб олишган, деб айблашади. Улар, шунингдек, Ойша онамизни ҳам сўкадилар. Шундан келиб чиқиб, улар ҳазрати Алидан бошқа саҳобалар ривоят қилган ҳадисларни қабул қилмайдилар.Баъзи муболағага кетган шийъа тоифалари фаришта Жаброил (а.с.)ни ҳам сўкадилар. Улар у зотни ваҳийни адашиб Алига эмас, Муҳаммадга олиб тушган, деб айблайдилар.Шийъаларнинг ўзларига хос байрамлари бор. Улардан бири "Ғадийр ҳайити". У зулҳижжа ойининг 18-куни нишонланади ва катта ҳайит, деб номланади. Уларниннг эътиқоди бўйича бу ҳайит, қурбон ва рамазон байрамларидан ҳам улуғ ҳисобланади. Шийъаларнинг айтишларича, худди шу куни пайғамбар (с.а.в.) ҳазрати Алига халифаликни васиат қилган эмишлар.Шунингдек, улар наврўзни байрам қиладилар. Бу форсларнинг қадимий байрамидир.Муҳаррам ойининг биринчи ўн куни шийъалар учун мотам кунлари ҳисобланади. Улар Имом Ҳасан, Имом Ҳусайн ва бошқаларга мотам тутадилар. Эътиқодлари бўйича, ўша кунлари ким ўзини кўпроқ қийнаса, шунча кўп савоб олади.Имомия шийъаларининг аҳли сунна вал жамоа мазҳабига нисбатан энг катта ақидавий хилофларидан бири, у дунёда мўминлар Аллоҳнинг жамолини кўрмайдилар, деб эътиқод қилишларидир.Баъзи мисоллар келтирадиган бўлсак, шийъалар таҳорат қилганларида, оёқларини ювмайдилар. Балки, оёқларга масҳ тортадилар. Шунингдек, пешин ва аср ҳомда шом ва хуфтон намозларини қўшиб ўқийдилар. Имом йўқолганлиги сабабли, имомликка муносиб шахс йўқлигидан жамоат намозини ўқимайдилар ва ҳоказо.Имомия шийъаларининг асосий маркази Эрондир. Тарихчилар бунинг асл сабаби, Имом Ҳусайнни (р.а) Эрондан уйланишлари бўлган, дейдилар. Шу қаробат туфайли, сиёсий жанжалларда эронликлар Имом Ҳусайн тарафини оладилар ва у кишини келиб, ўзларига раҳбарлик қилишга чорлашади. Имом Ҳусайн шу чақириққа биноан келаётиб, Карбалода шаҳид бўладилар.Шунингдек, имомия шийъалари Ироқ, Қувайт, Покистон ва Ливанда сезиларли даражада тарқалганлар.Собиқ Совет Иттифоқини назарда тутадиган бўлсак, Озарбойжон аҳолисининг кўпчилиги шийъадир. Шунингдек, Шимолий Қафқознинг Озарбойжон чегарасига яқин жойларида яшайдиган аҳоли ҳам шийъалардир. Бизнинг Туркистонда Самарқанд ва Бухорода ота-боболари қадимда Эрондан келиб қолган шийъа мазҳабига мансуб кишилар яшайдилар. Уларнинг маҳаллий аҳолиси асли Эрондан бўлганлиги учун эронийлар ҳам деб, атайдилар. Ҳозирги кунда ўзларининг масжидлари бор, баъзи китобларини ҳам чоп этдилар.Юқорида келтирилган ма‘лумотларни Муҳаммад Юсуф (исмини чиройлилигини қаранг) Аллоҳни о‘ртага қо‘йиб келтирганмикин? Я‘ни Аллоҳдан асло қо‘рқмасдан ро‘ю -рост айтганмикин. Нима бо‘лганда ҳам ҳар бир гапни тарозида тортиб ҳақиқатлигини билиб кейин ёзиш керак, акс ҳолда Қиёматда мен ва менинг диний биродарларими ундан шундай интиқом оламизки, дунёга келганлигига пушаймон бо‘лади. Ҳали вақт бор, ҳамма шиалардан узр со‘раб хатосини бо‘йнига олиш учун.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- Мазкур маълумотлар ёмон мақсадда тўқилгани йўқ. Аввалги манбалардан олинган. Бу маълумотлар билан озорбайжонлик баъзи шийъа биродарларимиз ҳам танишган. Агар билимсизлик туфали хатога йўл қўйилган бўлса, узр сўраймиз. Бунинг учун сизлар сиз ёрдам берсангиз яхши бўлади.

30 Апрел 2022, 08:13 | Савол-жавоблар | 164 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar