Қиёмат аломатлари

Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида қачонки қиёматга яқин қолганда ер юзига фитна олиб келувчи Дажжол чиқади деб айтилган. Бу Дажжолни инсон боласи деб айтган ҳадислари ҳам бор. Бу Дажжол қандайдир система ёки жонсиз нарса бўлиши ҳам мумкинми? Ҳадисларда айтилишича уни пешонасида икки кўзининг орасида “КАФИР” деб арабчада ёзилган бўлар экан. Ва уни ҳамма ҳаттоки саводи йўқ одам ҳам ўқий олар экан. Агар у инсон бўлса ҳамма уни пешонасидаги ёзувни кўрса, мусулмонлар айниқса уни Дажжоллигини шундай билиб олишадику. Лекин ҳадисларда айтилишича унга “манаман” деган иймони мустаҳкам мусулмонлар ҳам оғиб кетар эканлар. Шу инсон бўлмаслиги мумкинми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Бу Дажжол қандайдир система ёки жонсиз нарса бўлиши мумкин эмас. Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши каби қиё­матнинг аломатларига иймон келтирамиз. Қуёш­нинг ўз мағриби – ботиш тарафидан чиқишига ва­ ер ҳайвонининг ўз жойидан чиқишига иймон келтирамиз. Шарҳ: Яъни Қуръон ва суннатда зикр қилинган қиёматнинг аломатларига иймон келтирамиз. Хусусан, Дажжолнинг чиқишига, Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушишларига, қуёшнинг мағрибдан чиқишига ва ер ҳайвонининг Аллоҳ амр қилган жойдан чиқишига иймон келтирамиз. Далил: 1. Дажжолнинг чиқишига далолат қилувчи ҳадислар инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўп ривоят қилинган. Ҳадис китобларида зикр этилган. Бу мухтасарда уларни зикр этишга имкон йўқ. Имом Бухорий Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Дажжол зикр қилинди. Бас, у киши: «Аллоҳ сизга махфий эмас. Аллоҳ ғилай ҳам эмас. (Кўзларига ишора қилдилар). Албатта, масийҳи Дажжолнинг ўнг кўзи ғилайдир. Унинг кўзи худди бўртиб чиққан узум донасига ўхшайди», – дедилар», дейилган. (“Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси” китобидан). Уни кўриб, иймони мустаҳкам мўминларнинг иймони янада зиёда бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларининг тасдиқини ўз кўзлари билан кўрадилар. عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: حَدَّثَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَوْمًا حَدِيثًا طَوِيلاً عَنِ الدَّجَّالِ فَكَانَ فِيمَا حَدَّثَنَا قَالَ: يَأْتِي الدَّجَّالُ وَهُوَ مُحَرَّمٌ عَلَيْهِ أَنْ يَدْخُلَ نِقَابَ الْمَدِينَةِ فَيَنْتَهِي إِلَى بَعْضِ السِّبَاخِ الَّتِي تَلِي الْمَدِينَةَ فَيَخْرُجُ إِلَيْهِ يَوْمَئِذٍ رَجُلٌ هُوَ خَيْرُ النَّاسِ أَوْ مِنْ خَيْرِ النَّاسِ فَيَقُولُ لَهُ: أَشْهَدُ أَنَّكَ الدَّجَّالُ الَّذِي حَدَّثَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم حَدِيثَهُ فَيَقُولُ الدَّجَّالُ: أَرَأَيْتُمْ إِنْ قَتَلْتُ هَذَا ثُمَّ أَحْيَيْتُهُ أَتَشُكُّونَ فِي الأَمْرِ فَيَقُولُونَ: لاَ، قَالَ: فَيَقْتُلُهُ ثُمَّ يُحْيِيهِ فَيَقُولُ حِينَ يُحْيِيهِ وَاللهِ مَا كُنْتُ فِيكَ قَطُّ أَشَدَّ بَصِيرَةً مِنِّي الآنَ قَالَ: فَيُرِيدُ الدَّجَّالُ أَنْ يَقْتُلَهُ فَلاَ يُسَلَّطُ عَلَيْهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Дажжол ҳақида узоқ гапирдилар. У зот бизга гапирган нарсалар ичида қуйидагилар бор эди: «Дажжол келади. Унга Мадинанинг йўлларидан кирмоқлик ҳаромдир. Бас, у Мадинанинг яқинидаги тузли ерлардан бирига етиб тўхтайди. Ўша куни унинг олдига одамларнинг яхшиси ёки одамларнинг яхшиларидан бири чиқади ва унга: «Мен гувоҳлик бераманки, сен Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга гапини айтиб берган Дажжолсан», дейди. Шунда Дажжол: «Айтингларчи, агар мана шуни қатл қилиб кейин тирилтирсам ҳам иш ҳақида шак қиласизларми?!» дейди. «Йўқ!» дейишади. Шунда у ҳалиги одамни қатл қилиб, кейин тирилтиради. У бўлса тирилганидан кейин «Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон сени ҳозирги каби яхши танимаганман» дейди. Дажжол уни яна қатл қилмоқчи бўлади. Аммо унга қодир бўла олмайди», дедилар». Бухорий ва Муслим ривояти. Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 09:49 | Савол-жавоблар | 190 | Ҳадислар
|
Boshqa savol-javoblar