Баҳоуддин Нақшбанд

Ассалому алайкум! Устозлар, Бухоролик пиримиз Баҳоуддин Нақшбанд роҳматуллоҳи алайҳ  ҳазратларининг ҳаёт ва тариқатлари ҳақида маълумот берсангизлар.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! ХОЖА МУҲАММАД БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ҚУДДИСА СИРРУҲУ Бу зот Бухорои шарифнинг Қасри Орифонида 718 ҳижрий сана - 1318 милодий санада дунёга келдилар ва худди ўша ерда 791 ҳижрий сана - 1389 милодий санада дунёни тарк этдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари узун бўйли, буғдой рангли, катта соқолли ва кулча юзли зот эдилар. Аслида Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари туғилган қишлоқнинг номи Ҳиндувон бўлиб, Бухородан бир фарсах узоқда жойлашган эди. Сўнгра Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг шарафларига Қасри Орифон деб номланадиган бўлди. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари дунёга келишлари билан ўша пайтдаги Хожагон тариқати пешволари бўлган Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ўз шогирдлари билан бирга Қасри Орифонга келдилар ва гўдак Баҳоуддинни маънавий фарзандликка қабул қилдилар. Ривоятларда зикр этилишича, ўшанда Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратлари ўз халифалари Амри Кулол ҳазратларига «бу боланинг тарбияси сенга оиддир», деганлар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Амир Кулол ҳазратларига қўл берган бўлсалар ҳам манбаларда у кишининг ҳақиқий шайхлари ўзларидан бир қанча саналар илгари ўтиб кетган Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳ эканликлари қайта-қайта таъкидланади. Бу хилдаги маънавий тарбияга тасаввуф оламида «увайсийлик йўли» деган ном берилган. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг олий мақомлари у кишининг ёшлик чоғлариданоқ зоҳир бўла бошлади. У зот ўта зеҳнли ва идрокли эдилар. Аллоҳ таоло бу кишига улуғ зотларга шогирд бўлиш бахтини берди. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари гўдаклик чоғларида Муҳаммад Бобо Саммосий ҳазратларининг ҳузурларида тарбия олдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Муҳаммад Бобо Саммосий ҳузурларига шогирд сифатида келишлари билан дарҳол у кишининг суҳбатларида иштирок этганлар. Мазкур суҳбатдан олган завқ ва ҳузурдан сўнг тўғри масжидга кириб икки ракъат намоз ўқиганлар ҳамда «Эй, Роббим! Менга бало юкини кўтармоққа кўмак бер! Бу хусусда менга яхшилик қил!» дея дуо қилганлар. Бу хабар Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳга етиб борганда у киши «Илоҳим! Сенинг розилигинг нимада бўлса, ўшани менга бер!» дея дуо қилдилар ва ғояси доимо Аллоҳнинг розилигини топмоқ бўлган кишига бало етмайди, Аллоҳ бир валийсига бало туширса, Ўз инояти ила уни кўтармоққа қувват ҳам беражагини айтдилар. Муҳаммад Бобо Саммосий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотларидан кейин Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг оталари у кишини Самарқандга юбордилар, у ерда машойихлар суҳбатида бўлдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари қисқа муддатдан кейин яна Қасри Орифонга қайтдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари болалик ҳамда камолот чоғларида Саййид Амир Кулол ҳазратларининг хизматларида бўлдилар. Шу билан бирга Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари маънавий жиҳатдан Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳга боғландилар ва у зотнинг таълим  тарбия ҳамда сайри-сулукка оид барча илмларини жамлаб муҳофаза қилдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Бобо Саммосий ва Саййид Амир Кулол ҳазратларининг таълимот ва талқинотларини ҳакимона тартибга солиб, тариқатда оламшумул асосларни барпо қилдилар. Хожа Маҳмуд Фағнавий ҳазратларидан бошлаб то Саййид Амир Кулол ҳазратларигача бу силсила кишилари жойига қараб гоҳ махфий зикрни, гоҳ жаҳрий зикрни раво кўрар эдилар. Жаҳрий зикр кўпроқ ихтиёр этилар эди. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, Қуръон ва Суннатдан далиллар ҳамда ўз устозларидан таълимотлар олиб махфий зикрни устун кўрдилар. У киши, суфий хилватда бўлса ҳам, жамоатда бўлса ҳам махфий зикр қилгани афзал, дедилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари юқорида зикр этиб ўтилганидек, Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳдан тариқат изнини олганларидан кейин ўша вақтнинг кўзга кўринган шайхлари ва алломаларидан бўлган Мавлоно Ориф ҳазратларининг суҳбатларида етти йил бардавом бўлдилар. Сўнгра Хожа Халил Ота ҳазратларининг ҳузурларида ўн икки йил хизмат қилдилар. Таълим олиш йиллари ҳақида Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари қуйидагиларни эслайдилар: «Ёшлигимизда уч киши дўст эдик. Биз учовлон ҳақ йўлига киришга қарор қилдик ва кирдик. Уларнинг ораларида менинг ниятим Аллоҳдан бошқа барча нарсалардан кечиб ҳаққа ва ҳақиқатга етишмоқ эди. Бу ниятим холис экан шекилли, Ҳақ таоло менга кўплаб моддий ва маънавий имконлар берди. Охир оқибат мақсадимга эриштирди». Кўп йиллик меҳнат, тақво, ҳаракат ва қурбат натижаси ўлароқ, Аллоҳ таоло Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига тўрт буюк қутблардан бири бўлиш шарафини насиб қилди. Мазкур қутблар қуйидаги зотлардир: Шайх Абдулқодир Жийлоний қуддиса сирруҳу. Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу. Саййид Аҳмад Рифоъий қуддиса сирруҳу. Саййид Аҳмад Бадавий қуддиса сирруҳу. Ҳозирги кунда ҳам дунё бўйлаб энг кенг тарқалган тариқатлар худди шу тўрт зотнинг номларини олган тариқатлардир. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳанафий мазҳабида эдилар. У киши биринчи дафъа ҳаж қилганларида ўзлари бордилар. Иккинчи марта ҳаж қилганларида ўз шогирдлари Муҳаммад Порсо ҳазратларини ҳам бирга олиб бордилар. Йўлда кетаётиб Ҳиротга етганларида, Мавлоно Зайниддин раҳматуллоҳи алайҳнинг зиёратларига кирдилар ва уч кун давомида у зотнинг суҳбатларида бўлдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Ҳижоздан қайтишда бир муддат Марвда туриб қолдилар. Сўнгра йўлни давом эттириб, Бухорога етиб келдилар. Кейин Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари Қасри Орифонда бир масжид қурдилар ва қурилишда ўзлари ғишт ташиб ишладилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари суҳбатларга катта аҳамият берар эдилар. У киши қаерга борсалар яхшилик қилиш, сулҳ, иршод ва халқ тарбияси билан машғул бўлар эдилар. У киши ижтимоий хизматларга ҳам алоҳида эътибор берар эдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўз суҳбатларида, асосан, фарз бўлган илмлардан таълим бериш ва ахлоқ тарбияси билан машғул бўлар эдилар. Зотан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромларининг йўли ҳам шу эди. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари: «Йўлимиз суҳбат йўлидир. Суҳбатни тарк этган, йўлни ҳам тарк этган бўлур», дер эдилар. У киши чарчаш нималигини билмас эдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ҳар доим кўчаларни озода тутиш, ҳайвонларга ем бериш ва уларни даволаш ишлари билан машғул бўлганлар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг кўпгина шогирдлари етук тариқат ва маърифат намояндалари сифатида дунёга ном таратдилар. Улардан бирлари юқорида номи зикр этиб ўтилган Хожа Муҳаммад Порсо раҳматуллоҳи алайҳдирлар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг машҳур шогирдлари, у киши билан доимо бирга юрган ва барча илмларини ўрганган шахс Алоуддин Аттор ҳазратлари ўз устозларининг охирги лаҳзалари ҳақида қуйидагиларни эслайдилар: «Ҳазрати Нақшбанднинг охиратга интиқол қилиш онларида, Қасри Орифонда, у кишининг ёнларида «Ёсини шариф»ни ўқиб турган эдик. Суранинг ярмига келганимизда у зотнинг юзларидан нур чиқа бошлади. У зот калимаи тавҳидни айтиб туриб, жон бердилар. Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олган бўлсин». Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари етмиш уч ёшларида дорулфанодан дорулбақога рихлат қилдилар. Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари силсила омонатини зоҳиран Саййид Амир Кулол раҳматуллоҳи алайҳдан, ботинан Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний раҳматуллоҳи алайҳдан олганлар. (“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан).  Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 10:22 | Савол-жавоблар | 203 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar