Чўчқа гўшти ҳақида

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Мен дорихонада фаолият юритаман ва айрим дорилар хусусида турли саволлар вужудга келади. Яъни овқат ҳазми учун ишлатиладиган дориларнинг кўпчилигининг таркибида чўчқа гўшти ёки унинг меъда ости бези ва яна шунга ўхшаш нарсалар бўлади. Айрим харидорлар ушбу дориларни ҳарид қилишда бироз иккиланиб қолишади. Шу сабабдан шу ҳақида сиздан малумот олмоқчи эдим. Ушбу дори воситаларини истеъмол қилиш мумкинми. Айримлар чўчқа гўшти ёки бошқа аъзосидан дори тайёрланганда у ўзининг асл ҳолатини йўқотади, уни истеъмол қилса бўлади дейишади. Сиздан илтимосим шуки ушбу масалага ойдинлик киритиб берсангиз. Жавобингизни интизорлик билан кутаман. Аллоҳ сиздан рози бўлси
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Ҳар бир мўмин-мусулмон одам шариати исломия ҳукмларини ўзига лозим тутмоғи вожибдир. Хусусан, озиқ-овқат ва даво соҳасида бунга алоҳида эътибор бериш керак. Чунки мўмин-мусулмон одамнинг ейдиган нарсаси пок бўлмоғи, ичадиган нарсаси пок бўлмоғи, даволаниш учун истеъмол қиладиган дорилари пок бўлмоғи лозимдир. Аллоҳ субҳану ва таолонинг раҳмати кенг. Ўз бандаларига раҳм қиладиган бу улуғ Зот ўзининг шариатига эргашиш йўлларини ҳам енгиллаштириб қўйган ва бу борада зарурат туғилганда баъзи бир нарсаларнинг риоясини эътиборга олишни шариатига киритган. Ана шундай қоидалардан бирида–«зарур бўлган ҳолда ман қилинган нарсаларга рухсат берилади» дейилган. Шунингдек, «ҳожат тушган пайтда бу ҳожат заруратнинг ўрнига ўтади» деган қоида ҳам бор. Аслида барча нарсалар мубоҳдир, илло ҳаромлигига эътиборли далил бор нарсаларгина ҳаром ҳисобланади. Шунингдек, «барча нарсалар аслида ўзи пок» деб ҳисобланади, лекин «нажаслиги, нопоклигига далил ишончли ҳолда келтирган нарсаларгина пок эмас» деб ҳисобланади. Баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотлари борки, унинг таркибига чўчқанинг ёғи қўшилади ва у эриб бошқа нарсага айланиб кетмаган бўлади ҳамда ўз ҳолида мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида туради. Бунга мисол айтадиган бўлсак–баъзи бир пишлоқлар, мойлар, ёғлар ва шунга ўхшаган нарсалар бор. Баъзи печенғе, шоколад ва музқаймоқларни қилишда чўчқанинг ёғидан фойдаланилади. Мазкур нарсаларда чўчқанинг ёғи ўзи туради. Бундай таомларнинг барчаси ҳаромдир. Уларни емоқ мутлақо мумкин эмас. Чунки аҳли илмнинг барчаси чўчқанинг ҳамма нарсаси нажас эканлигига ва уни еб бўлмаслигига иттифоқ қилишган. Яна бир қонун шуки, чўчқанинг моддасидан тайёрланган «инсулин» дориси. Бу қанд касаллигига гирифтор бўлган беморлар учун даво сифатида ишлатилади ва уни шаръий қоидаларга биноан зарурат учун истеъмол қилса бўлади. Агар ғизо ва давога қўшилган ҳаром нарса бошқа моддаларга аралашиб, ўз хусусиятини тамоман йўқотса ва бошқа бир ҳолатга айланиб қолса, уларни истеъмол қилиш мубоҳ бўлади. Мана шу қоидага биноан ҳайвонларнинг суягидан, терисидан ёки пайларидан қилинган «жалатин» моддаси ҳалол ҳисобланади. Шунингдек, чўчқанинг ёки ўзи ўлган ҳайвоннинг ёғидан қилинган совунлар мазкур чўчқа ёғи ёки ўзи ўлган ҳайвоннинг ёғи бошқа моддаларга–пок нарсаларга аралашиб, ўзининг хусусиятини батамом йў-қотса, шакли-шамоили умуман қолмаса, ҳеч қандай аломати бўлмай бутунлай йўқ ҳолга айланиб кетган бўлса, ўшандан тайёрланган совунларни ҳам ишлатса бўлади. Шунингдек, баъзи бир суриладиган малҳамлар, кремлар, пардоз-андоз ашёлари таркибига чўчқанинг ёғидан қўшилган бўлиши мумкин, лекин ана ўша нарсани зийнат нарса бўлганлиги учун ишлатиб бўлмайди. Фақат ҳали айтганимиздек, бу нарса жуда оз бўлиб, ўша ёғ бутунлай бошқа нарсага айланиб кетганлиги, унинг асорати умуман қолмаганлиги аниқ бўлсагина, ишлатса бўлади. Ҳозирги кундаги баъзи бир ғизо ёки даволарга чўчқанинг бирор нарсаси аралашган бўлса ҳам, лекин ўша аралашган нарса ўзининг асл хусусиятини йўқотган бўлади. Бошқача ибора билан айтганимизда, «кимёвий ўзгариш оқибатида бутунлай бошқа бир нарсага айланиб қолади». Энди унинг нопоклиги, нажаслиги қолмайди ва ўша нарсада «чўчқанинг гўшти ҳаром» деб айтадиган ҳукмга ҳеч қандай дохил бўлмай қолади. Мисол учун, моддалардан баъзилари ҳайвоннинг суягидан қилинади, гоҳида ўша суяк чўчқанинг суяги ҳам бўлиши мумкин. Бу ишдан хабардор бўлган, эътиқодли одамларнинг айтишича ана ўша қўшилган модда–чўчқанинг ёғи ёки гўшти бўлган нарса кимёвий аралашув оқибатида ўзининг хусусиятини батамом йўқотган бўлади. Ана шундай нарсалардан баъзи вақтларда совун қилиш мумкин, ёки тиш тозалайдиган «маъжун»–пасталар қилиш мумкин ва булардан фойдаланиш мумкин. Чунки ҳали айтганимиздек, мазкур моддалар ўзининг асл моҳиятини йўқотган, батамом пок-ҳалол нарсага қўшилиб кетган нарсалар бўлади. Сиз айтган масаланинг айни ўзига келадиган бўлсак, чўчқадан бўлган нарса қўшилган ва кимёвий жараёнда мазкур нарса ўзининг хусусиятини йўқотган дорининг ўрнини босадиган бошқа дори бўлса, ўшани ишлатиш керак. Мабодо, ундан бошқа дори бўлмай ноилож қолингандагина сиз айтганни ишлатса бўлади.

30 Апрел 2022, 11:07 | Савол-жавоблар | 164 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar