Маълум сураларни ўқиб дуо қилиш

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, қилаётган ҳизматларингизни Аллоҳ ажрини бeрсин. Бир мушкули бор одам Ясин сурасини қирқ кун бирдан бошлаб ҳар куни биттадан қўшиб ўқиб қирқтага eтказса нимани сўраса ижобат бўлади дeб эшитдим. Яна ким Тавба сурасини қирқ кун ўқиса ниятига eтади дeб эшитдим. Шу ростми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Тўрт нарсадан ғафлатда қолманг! Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўрт нарсадан ғафлатда қолган тўрт кишига ҳайронман: Биринчиси ғам-ғуссага ботган одам. У қандай қилиб Юнус алайҳиссаломнинг Қуръонда келган, «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, иннии кунту миназ-золимийн» (Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сени поклаб ёд этаман! Мен ўзимга зулм қилиб қўйдим) деган дуосидан ғафлатда қолади? Ахир У Зот бу оятнинг кетидан «Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва ғам-ғуссадан нажот бердик» демоқда-ку! (Анбиё сураси, 87, 88-оятлар) Иккинчиси катта зарар етган одам. У қандай қилиб Айюб алайҳиссаломнинг Қуръонда келган, «Иннии, массанияд-дурру, ва анта арҳамур-роҳимийн» (Менга оғир зарар етди. Аммо Сен раҳм қилувчиларнинг энг раҳмлисисан) деган дуосидан ғафлатда қолади? Ахир У Зот бу оятнинг кетидан «Биз унинг дуосини ижобат қилдик ва унга етган зарарни кетказдик» демоқда-ку! (Анбиё сураси, 83, 84-оятлар) Учинчиси даҳшатга тушган одам. У қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонларнинг «Ҳасбуналлоҳ ва ниъмал-вакил!» (Бизга Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У Зот қандай яхши вакил!) деган ғафлатда қолади? Ахир У Зот бу оятнинг кетидан «Улар Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила қайтдилар, уларга асло зарар етмади» демоқда-ку! (Оли Имрон сураси, 173, 174-оятлар) Тўртинчиси одамларнинг макрига алданган киши. У қандай қилиб Мусо алайҳиссаломнинг Қуръондаги «Ва уфаввиду амрии илаллоҳ. Инналлоҳа басийрун билъибаад» (Ишимни Аллоҳга топширдим. Албатта, Аллоҳ бандаларни кўриб турувчидир) деган сўзидан ғафлатда қолади? Ахир У Зот бу оятнинг кетидан «Аллоҳ уни уларнинг ёмон макридан сақлади» демоқда-ку? (Ғофир сураси, 44, 45-оятлар). Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 11:28 | Савол-жавоблар | 186 | Дуолар
|
Boshqa savol-javoblar