Аёлимни жавобини берайми?

Ассалому алайкум! Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. Жиддий сабабларга кўра аёлим билан ажрашяпман. Сал кам бир йилдан бери ота онасини уйида яшайди. Аёлимни кўч кўйда номақул ишлар қилиб юрганини эшитсам ёки ўз кўзим билан кўриб гувох бўлсам, унинг қилиб юрган гунох ишларига мен гунохкор бўлиб қолмайманми? Бир хадисда эшитгандим "агар аёли хиёнат қилаётганини билиб туриб унга кўз юмса гунохкор бўлади" мазмунида. Мен хозир қандай йўл тутай? Хали қонуний ажрашмадик, унга диний томондан жавобини берайми? Сизлардан сўрамасдан бундай қилишдан қўрқдим.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Модомики у билан қатъий яшамайдиган бўлсангиз, жавобини беринг. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنَّ امْرَأَتِي لَا تَمْنَعُ يَدَ لَامِسٍ، قَالَ: غَرِّبْهَا، قَالَ: أَخَافُ أَنْ تَتْبَعَهَا نَفْسِي، قَالَ: فَاسْتَمْتِعْ بِهَا. رَوَاهُ أَبُودَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деди.
«Уни ўзингдан узоқлаштир», дедилар.
«Нафсим унга эргашишидан хавф қиламан», деди.
«Ундан фойдаланавер», дедилар у зот».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «Аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деган жумла «Эркаклардан ўзини олиб қочмайди» ёки «Мол-мулкни ҳаддан ташқари исроф қилади», деб, икки хил таъвил қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай хотинни талоқ қилиб юборишни маслаҳат берганлар. Лекин эр хотинини талоқ қилса, ундан кўнгил уза олмай, ўзи қийналишини баён қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ундай бўлса, ундан фойдаланиб юравер», деганлар.
Бундан «қўлни ман қилмаслик» мол-мулкни исроф қилиш маъносида айтилганлиги келиб чиқади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг қўлини қайтармайдиган аёл билан бирга яшайверишни маслаҳат беришлари мумкин эмас. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

30 Апрел 2022, 16:03 | Савол-жавоблар | 201 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar