Каффорат 60 кунми?

Ассалому алайкум! Бир танишим хизмат тақозоси билан Шеробод туманга Имом Термизий масжиди очилиш маросимига иш билан чиқиб, хаво хароратининг жуда иссиқлиги ва хизматдан бўйин товлашнинг деярли иложи йўқлиги сабабли рўзасини очибди. Айтишича жуда чанқаган, ахволи оғир  бўлган. Шу иши каффорати учун 60 кун кетма-кет рўза тутиши керакми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Агар у киши Шеробод туманга 89км масофани босиб борган мусофир бўлса, у киши шаръан мусофир ҳисобланиб рўзасини очгани учун бир кунига бир кун қазо тутади. Хизматдан бўйинтовлаш ёки товламасликка келсак, шариатимизда икроҳ, яъни мажбур бўлиш деган истилоҳ бор. Мажбур қилинган киши ҳаром нарсани ейишга ҳам рухсат берилган. Бу мажбурланиш ўлим ёки бирор аъзосига талофат етказиш даражасида бўлиши шарт. У кишининг ҳолати қандайлиги бизга номаълум. Агар қаттиқ чанқоқлик, очлик, беморликлар каби рўзани очишликка зарурат пайдо бўлса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. "Кифоя" китобида қуйидагича келади: Очлик ва сувсизлик оқибатида ҳолдан тойганлар. Ўта қаттиқ очлик ёки сувсизлик оқибатида ҳалок бўлиш даражасига келган, ақлига ёки бирор аъзосига шикаст етиши хавфи туғилган киши ҳам рўза тутишдан узрли ҳисобланади. У ҳам кейин қазосини тутиб беради. Чунки Аллоҳ таоло «Ўзингизни ўзингиз ҳалокатга ташламанг», деган (Бақара сураси, 195-оят). Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 01:31 | Савол-жавоблар | 187 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar