Келинлар хақида

Ассалому алайкум! Сизнинг сайтингиз, телеграмда каналингиз жуда кенг тарқалган уланганлар орасида аёл- қизларимиз ҳам етарли. Савол-жавобларда асосан аёлнинг эрдаги ҳаққи, эрнинг аёлига нафақаси ва шунга ўхшаш эр киши мажбуриятлари келмоқда. Аёл қизларимиз ўзларига ёқимли жойларини қирқиб олиб, бир-бирларига жўнатганларини ҳам гувоҳи бўлдим. (Эътирозим йўқ Аллоҳ буюрганини сўзсиз бажарамиз Ин шаа Аллоҳ) Ҳаттоки эрига таом тайёрлаш ҳам хотиннинг вазифаси эмас экан деган аёллар учун, мана илмли одамлар ёзибди сиз шунга мажбурсиз деган аёллар учун, сиз ҳам ўз ўрнингизни билинг деган маънода ҳадис ёки фатволар борми? Эрнинг аёлда ҳам ҳаққи ёки хотиннинг вазифалари ҳам борми? Ёки фақат эр тўшакка чақирса инкор этмаслик холосми? Қўпол савол бериб нодонлик қилган бўлсам узр. Мендан рози бўлинг сиздан Аллоҳ рози бўлсин.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Аввало ҳар ким ўз ҳаққини таниб олиши шарт. Кейин иккисига насиҳат қилинади. Бир ёш йигит йўлкира ҳаққини тўлаб автобусда кетаётган бўлса манзилига етиб олгунича ўша жойда ўтириши унинг шаръий ҳаққи ҳисобланади. Мабодо бирор ёши кекса ёки бемор одам чиқиб рўпарасида турса унга жой бўшатмаслик унинг шаръий ҳаққи бўлсада диёнатан бетамизлик ҳисобланади. Чунки у қодир бўлатуриб ўзидан бошқани ҳурматини жойига қўймаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кексаларни ҳурмат қилиш, ночорларга ёрдам бериш, ўз ҳаққидан ўзгаларни устун кўриш каби сўзларига амал қилмаган бўлади. Эрнинг ҳам ҳаққлари баён қилинган. Хотин ўшанга амал қилиши зиммасига вожиб, лекин ўша оилани тинчлиги учун, фарзандлари учун ва меҳнат қилиб келган эрга “Сизни кирингизни ювиш, таомингизни пишириш менинг вазифам эмас” дейиш ўша бетамизликка киради. Эр-хотин ўртасида фақат қонунларгина ишлашдан ташқари бир-бирига меҳр-мурувват, бир-бирини хизматини қилиш каби ишларни ҳам қилиш керак. Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 13:24 | Савол-жавоблар | 174 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar