Қазо намозида азон айтиш

Ассалому алайкум! Алҳамдулиллаҳ қазо намозини ўқишни ният қилдик. Лeкин, уйдан бошқа жойларда (масжид, мeҳмонникида…) азон айтишнинг иложи йўқ. Айтсак жуда катта ноқулайликлар туғилади. Қазо намозларни азонсиз ўқишни бошладик. Бир илмли кишидан сўраганимизда эса “қазо намозлари учун азон айтиш фарз” дeб айтдилар. Шунда бошимиз қотиб қолди. Агар қазо намозлари учун азон айтиш фарз даражасида бўлса, шунча ўқиган қазо намозларимиз шунчаки нафлга айланибдида? Бизга шу бўйича ҳукмни батафсилроқ баён қилиб бeрсангизлар. Бунга ўхшаган ҳолларда иқоматнинг ҳукми қандай?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Сизни азон айтмай ўқиган қазо намозларингиз ин шаа Аллоҳ адо бўлади. Азон эркак кишилар учун суннати муаккададир. عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ رضي الله عنه قَالَ: أَتَيْتُ النَّبِيَّ صلي الله عليه وسلم أَنَا وَصَاحِبٌ لِي فَلَمَّا أَرَدْنَا الْإِقْفَالَ مِنْ عِنْدِهِ قَالَ لَنَا: «إِذَا حَضَرَتِ الصَّلَاةُ فَأَذِّنَا ثُمَّ أَقِيمَا، وَلْيَؤُمَّكُمَا أَكْبَرُكُمَا». رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ. وَلِأَبِي دَاوُدَ: «لِيُؤَذِّنْ لَكُمْ خِيَارُكُمْ، وَلْيَؤُمَّكُمْ قُرَّاؤُكُمْ». Молик ибн ал-Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир оғайним билан бордик. Ул зотнинг ҳузурларидан туриб, жўнамоқчи бўлганимизда бизга: «Намоз вақти кирса, азон айтинглар, сўнгра иқома айтинглар, иккингиздан каттангиз имом бўлсин», дедилар». Учовлари ривоят қилишган. Абу Довуднинг ривоятида: «Яхшиларингиз азон айтсин, аҳли Қуръонларингиз имом бўлсин», дейилган. Икки ийд, витр, жаноза, таровеҳ, кусуф, хусуф ва суннат намозларга азон айтилмайди. Битта қазо намозга азон ҳам, иқома ҳам айтади. عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رضي الله عنه: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم كَانَ فِي مَسِيرٍ لَهُ فَنَامُوا عَنْ صَلَاةِ الْفَجْرِ، فَاسْتَيْقَظُوا بِحَرِّ الشَّمْسِ، فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ: «تَنَحَّوْا عَنْ هَذَا الْمَكَانِ»، ثُمَّ أَمَرَ بِلَالًا فَأَذَّنَ، ثُمَّ تَوَضَّئُوا وَصَلَّوْا رَكْعَتَيِ الْفَجْرِ، ثُمَّ أَمَرَ بِلَالًا فَأَقَامَ الصَّلَاةَ فَصَلَّى بِهِمْ صَلَاةَ الصُّبْحِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالشَّيْخَانِ. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиққан эдилар. Бас, бомдод намозидан ухлаб қолиб, қуёшнинг иссиғидан уйғондилар. Ул зот алайҳиссолату вассалом: «Бу жойдан бошқа жойга ўтинглар», дедилар. Сўнгра Билолга амр қилиб, азон айттирдилар. Сўнгра таҳорат қилиб, икки ракъат фажр (бомдоднинг суннати) намозини ўқидилар. Сўнгра Билолга амр этиб, такбир айттирдилар ва уларга бомдод намозини ўқиб бердилар». Абу Довуд ва икки шайх ривоят қилишган. Шунингдек, кўп қазо намозларнинг аввалгисига ва қолганларидан ҳар бирига иккисини айтади ёки ёлғиз иқоманинг ўзини айтади. Бир неча қазо намозлар бирин-кетин ўқилаётган бўлса, ҳар бирига алоҳида азон ва иқома айтса ҳам ёки биринчисига азон ва иқома, қолганларига фақат иқома айтса ҳам бўлади. عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ: إِنَّ الْمُشْرِكِينَ شَغَلُوا رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم عَنْ أَرْبَعِ صَلَوَاتٍ يَوْمَ الْخَنْدَقِ حَتَّى ذَهَبَ مِنْ اللَّيْلِ مَا شَاءَ اللهُ، فَأَمَرَ بِلَالًا فَأَذَّنَ، ثُمَّ أَقَامَ فَصَلَّى الظُّهْرَ، ثُمَّ أَقَامَ فَصَلَّى الْعَصْرَ، ثُمَّ أَقَامَ فَصَلَّى الْمَغْرِبَ، ثُمَّ أَقَامَ فَصَلَّى الْعِشَاءَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хандақ куни мушриклар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни тўрт намоздан машғул қилдилар. Ҳаттоки кечадан ҳам Аллоҳ хоҳлаганича ўтиб кетди. Ул зот Билолга амр қилдилар. У азон айтди, кейин иқома айтди, пешинни ўқидилар. Кейин иқома айтди, асрни ўқидилар. Кейин иқома айтди, шомни ўқидилар. Кейин иқома айтди, хуфтонни ўқидилар». Имом Термизий ривоят қилган.("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 14:08 | Савол-жавоблар | 299 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar