Ўқимасам отам оқ қилмоқчилар

Ассалому алайкум! Мен дунёвий институтда ўқийман. Ота-онам дунёвий тарзда, мен динга боғлиқ ҳолда яшаймиз. Институтимдаги ҳолат жуда ачинарли: устозлар пора эвасига баҳо қўйишади. Пул бермаса имтиҳондан ўтказмайди. Йиқилган талаба қайта имтиҳон топширади ва стипендиядан маҳрум бўлади. Мен ўз ҳохишимга кўра ўқишга кирганман. Аммо бундай муҳитдан бехабар эдим. Боз устига соқол қиришга мажбурлашади. Талабалар одам сифатида кўрилмайди. Талабаларнинг жума намозига боришига рухсат берилмайди. Устозларимизнинг бири мени "имом-домла" деб мазах ҳам қилади. Мен бундай муҳитда ҳеч ҳам ўқий олмаяпман. Бирон марта устозларга нисбатан ҳурматсизлик қилмадим, аммо олий уқув юртига мажбурликдан бораман. Ўқишни ташлайман деганимда отам "Ўқиб, диплом олмасанг оқ қиламан" деганлар. Шундан қўрқиб ўқишимни давом эттирдим. Аммо мана бир йилдирки, ўзим истамай ўқишга бориб келаман. Курсдошларим эса диндорларга нисбатан хусуматда бўлишгани боис, улар мени сафларига қўшмайдилар. Бу йил имтиҳонларимнинг учтасини топшира олмадим. Энди ўқишдан четлатишмоқчи. Отам мени оқ қилишидан қўрқаяпман. Уларга айтишга ҳам ботина олмадим. Устозлар, мен энди нима қилай? Охиратим нима бўлади? Илтимос, менга маслаҳат беринг!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз зўр ўқинг. Яхши ўқисангиз ҳам пора талаб қилишса, бу олувчига ҳаром бўлади, сизга эмас. Яхши мутахассис бўлишга ҳаракат қилинг. Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 17:26 | Савол-жавоблар | 179 | Оила ва турмуш
|
Boshqa savol-javoblar