Таркибида спирт бўлган гигиена махсулотлари

Ассалому алайкум! Биз гигиена махсулотлари ишлаб чиқаришга бел боғлаб турибмиз. Шу аснода 1 савол ила мурожаат этмоқчимиз. Таркибида 0.5% миқдорида спирти бўлган оғиз чайиш суюқлигини ишлаб чиқарса бўладими? Бу махсулот оғизда енгиллик ҳамда шифо мақсадида чайилиш учун ишлаб чиқарилади. Фақатгина чайиш учун.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Спирт турли нарсалардан олинади 1-Узум, ҳурмо, буғдой ва асал. Улардан тайёрланган маст қилувчи ичимликлар билиттифоқ ҳаром бўлиб, уларни бирор нарсага дори воситасида фойдаланиш ҳам ҳаром. 2-узум ва ҳурмодан тайёрланган. Бу билиттифоқ нопок. У аралашган даво ҳам нопок бўлади. Уни ичиш ҳам ҳаром. Жуда ҳам мажбур ҳолатда моҳир табиб бирор беморга “Бундан бошқа шифо бўладиган даво йўқ” деса, зарурат миқдорича ушбу спиртдан аралаш дорини истеъмоли жоиз. “Ниҳоя” китобида “Заҳира”дан нақл қилиниб : “Ҳаром нарса билан даволаниш, унда шифо борлиги аниқ ва бундан бошқа даво йўқ бўлган суратда жоиздир” дейилган. (Баҳрур роиқ). 3-юқоридаги узум ва ҳурмодан бошқа нарсалардан олинган спирт масалан буғдой, асал. Унинг пок ва нопоклиги ҳақида уламолар ихтилоф қилганлар. Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф роҳимаҳумаллоҳлар наздларида бундай спирт покдир. Маст бўлиш мақсадида ичилса жоиз эмас, лекин даво сифатида истеъмоли жоиздир. Имом Муҳаммад наздларида бундай спирт нажосати хафифадир. Фатво имом Муҳаммаднинг қавлига кўра берилган бўлсада, умумий балво қоидасига кўра, спирт аралаштирилган дориларни маст бўлиш мақсадидан ташқари даволаниш ўринларида фойдаланиш жоиздир. Гарчи тақво ва эҳтиёткорлик имом Муҳаммаднинг қовлида бўлсада. Валлоҳу аълам!

1 Май 2022, 20:43 | Савол-жавоблар | 173 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar