АЛЛОҲНИ КО¨РИСҲ

АССАЛОМУ АЛАЙКУМ ҲАЗРАТ, саволларимни жавобсиз қолдирмаётганингиз учун катта раҳмат, ҲАЗРАТ пайг‘амбарлар орасида АЛЛОҲНИ жамолини ко‘рганлар борми? саволим ноо‘рин бо‘лса узр со‘райман, кетган вақтингизга рози бо‘линг. Олдиндан раҳмат
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
— Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсат, Сенга назар солай», – деди. У зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у ўрнида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», – деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо бехуш бўлиб йиқилди. Хушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», – деди.Башар фарзанди тарихидаги тенги ва ўхшаши йўқ ҳодиса. Робб ила банданинг учрашуви. Бутун оламларни яратган Зот билан ўша оламларнинг кичик бир заррасининг юзлашуви. Бу учрашув тафсилотини ва қандай ҳолда рўй берганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, Қуръонда зикр этилгани билан кифояланамиз, холос. Эҳтимол, ушбу учрашув келажакдаги машаққатларни енгиб ўтиш учун Мусо алайҳиссаломга қувват ва сабот манбаи бўлар. Эҳтимол, шунинг учун, учрашувдан бурун қирқ кун ҳамма нарсани тарк этиб, чилла ўтириб, алоҳида ҳозирлик кўрилгандир. Вақти-соати етиб, учрашув ўз вақтида, белгиланган жойда содир бўлди. Бу учрашув араб лафзида исми замон ва исми макон маъносини бирданига англатувчи лафз ила «мийқот» дейилади ва учрашув вақти ва замони маъносини билдиради.«Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсат, Сенга назар солай», – деди.»Уламоларимиз таъкидлашларича, ушбу улуғ мийқот Қурбон ҳайити куни, Тур тоғининг ўнг томонида содир бўлган. Мийқот рўй берган тарихий вақт қирқ кунлик рўза ҳақидаги ривоятдан аниқланган. Мусо алайҳиссалом Зулқаъда ойида тўла ўттиз кун ва Зул-ҳижжа ойида ўн кун рўза тутиб, ҳайит куни Аллоҳ билан роз айтишганлар. Мийқот Тур тоғининг ўнг томонида содир бўлгани бошқа ояти карималарда ҳам зикр этилган.Демак, Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан мийқотга, белгиланган вақтда, белгилик жойга келганларида, у зотга Робби бевосита сўзлади. Бу ҳол қандай содир бўлди, тафсилотини ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи билади. Мусо алайҳиссалом қандай қилиб Аллоҳнинг каломини тингладилар, буни ҳам Аллоҳнинг Ўзигина билади. Чунки, бу нарса инсон ҳатто тасаввур қилиши ҳам мушкул бир ҳолдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтирганларида, ул зот тез-тез нафас олар, титраб-қақшаб, совуқ кунда ҳам терга кўмилиб кетар эдилар. Саҳобалардан бирларининг тиззалари ваҳий тушаётган пайтда Пайғамбаримизнинг тиззаларига текканда, саҳобийнинг сонлари ёрилиб кетгудек бўлган экан. Энди, бевосита Аллоҳнинг Ўзи билан гаплашиш қандай бўлишини бир оз бўлса ҳам тасаввур қилиш мумкин. Шубҳасиз, бу ўзига хос ғаройиб ва нодир бир ҳолат. Бу ҳолатнинг ғоят даражада ғаройиблигидан Мусо алайҳиссалом шавқу завққа тушиб, маст бўлиб қолганлар ва ўзларини бутунлай унутиб қўйганлар. Роббиларига бўлган муҳаббатлари зиёдалашиб, Аллоҳ каломини бевосита тинглаш шунчалик бўлса, бевосита Ўзини кўз билан кўриш қандай бўлар экан, деб Аллоҳ таолодан жамолини кўрсатишини сўраганлар. Пайғамбарнинг бу истагига жавобан Аллоҳ таоло:«Мени ҳеч кўра олмассан», – деган.Шу билан бирга, бу ҳолни ойдинлаштириш мақсадида нима сабабдан кўра олмаслигини амалда исбот этган.«Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», – деди.»Яъни, эй Мусо, сен тоққа назар сол, у жуда ҳам улкан ва чидамли борлиқ. Унга ҳар нечук нарса таъсир ўтказа олмайди. Мен ўзимга хос тарзда унга кўринаман. Агар тоғ бу ҳолга чидаб, мавқеида собит тура олса, сен ҳам сўровингга биноан Мени бевосита кўра оласан.«Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди.»Мазкур тажаллий қандай рўй берганини ва у нечук манзара касб этганини ҳам билмаймиз. Бизнинг билганимиз шу: Аллоҳ таоло юқоридаги гапларни Мусо алайҳиссаломга айтганидан кейин, у киши тоққа назар солдилар. Тоғ титилиб, ерга тенглашиб қолди. Маконида собит тура олмади. Мусо алайҳиссалом буни ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу оддий ақлга сиғмас мўъжиза эди.«...ва Мусо бехуш бўлиб йиқилди.»Чунки, бўлиб ўтган ҳодиса шу даражада маҳобатли эди.«Ҳушига келганида: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», –деди.»Яъни, Мусо алайҳиссалом ўзларига келганларида, аввалги завқ ва шавқ, ҳис-ҳаяжонлар босилган эди. Кўзларини очиш билан Аллоҳни улуғлашга шошилдилар: «Сен поксан», яъни, бандаларнинг оддий назарига кўриниш даражасидан юқорисан. Мен номуносиб савол берганимдан тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман, дедилар.

2 Май 2022, 21:39 | Савол-жавоблар | 204 | Ақийда
|
Boshqa savol-javoblar