Бақара сурасининг 159-ояти тафсири ҳақида

Ассаламу алайкум!Ҳазрат, Бақара сурасининг 159-оятида, мазмунан, шундай дейилган: "Албатта, Биз нозил қилган равшан оятларни ва ҳидоятни одамларга китобда баён қилиб берганимиздан кейин беркитганларни - ўшаларни Аллоҳ лаънатлайдир. Ва лаънатловчилар лаънатлайдир".Ҳурматли устоз! Бу оятнинг тафсирини Тафсири Ҳилолдан ўқиб билдим. Аммо, баъзи масалаларни сўрашимга ижозат беринг. Мен оддий, мусулмон ёш йигитман. Ҳалол ва ҳаромнинг очиқ ойдин эканлигидан оз бўлсада хабарим бор. Кўчада мункар ишнинг кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Нафақат кўчада, балки узоқ-яқин қариндошларим орасида ҳам. Бу оятнинг амали мен учун қандоқ бўлиши лозим? Менинг на отам ва на ўзим имом, мулла ва ҳаказо эмасан. Яъни, мункар ишдан қайтаришга "литсензиям" йўқ. Оятга амал қилиш менга кўпгина синовларни олиб келиши турган гап. Мен нима қилишим керак, устоз? Бундан ташқари, кимнидир мункар ишдан қайтариш учун ўзимда етарли даражада илм ҳам, ҳилм ҳам йўқ... Ҳар қадамда эса мункар иш... Бу оятнинг амали менга қандай бўлиши керак? Ноҳаққа кўз юмиб ўтиб, фақат мендан сўралганда ҳақни айтишим лозимми? Мазкур оятда, "беркитганлар" сўзини қандай тушуниш лозим?Ҳазрат, савол беришдаги одобни бузган ҳолатда сиздан илтимос қиламан, мазкур оятнинг тафсирини "Тафсири Ҳилол"дагидан ташқари, яна ҳам кенгроқ қилиб тушунтирсангиз. Токи оятни тўлиқ англаб, имкони борича амал қилиб, малъунликдан узоқлашсак...
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- Бу оятдан бошқа оятлар ва ҳадислар ҳам бор. Уларнинг ҳаммасини жамлаб сиз айтган масалани ҳал қилинади. Мункарни қайтариш уч даражада бўлади. 1. Қўл билан-ҳукмдорларга оид. 2. Тил билан – илмлиларга оид. 3. Дил билан – олдинги икки гуруҳдагилардан бошқаларга оид. Сиз оила аъзоларингиз ва гапингиз ўтадиганларга аста тушунтирсангиз етарли.

3 Май 2022, 05:57 | Савол-жавоблар | 146 | Қуръони карим
|
Boshqa savol-javoblar