Абдулқодир Гилоний

Ассаламу алайкум, ҳурматли зикр аҳли жамоаси! Аллоҳ ишларингизга баракот берсин ва давомли қилсин! Ургут туманида "Абдулқодир Гилоний" ҳазратларининг зиёратгоҳи бор. Xалқ орасида шундай гап борки, унга кўра: "Бир йигит бир қизнинг номусига тегмоқчи бўлган вақтда, у кишининг кўнгиллари бу қабиҳ ишни сезган. Гилон шаҳридан туриб бу ерга қарата ҳассаларини отган ва бу ерга келиб тушган ва уни савалай бошлаган”. Ҳозирда бу жой зиёратгоҳга айлантирилган, ҳассалари ҳам бор дейишади. Шунга яқин ҳодиса, у киши ҳақидаги фильмда ҳам бор. Бундан ташқари фильмда, "Аллоҳ изни ила тирил" деганда ўлик тирилган. Бу ҳодиса қанчалар ҳақиқатга яқин. Аллоҳ қилаётган хайрли ишларингиздан рози бўлиб, олий жаннатларда жамолини кўришни барчамизга насиб айласин! Дуоларингиздан умидворман!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Валийларнинг кароматлари ҳақ. Аллоҳ таоло аввалги ўтган пайғамбарларнинг мўъжизаларини жанобимиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам умматига каромат қилиб берган. Ўтда ёнмаслик Иброҳим алайҳиссалом мўжизаси бўлса, Абу Муслим Хавалонийга каромат қилиб берилган. Тушлар таъбири Юсуф алайҳиссалом мўжизаси бўлса, Муҳаммад ибн Сирринга каромат тарзда берилган. Ўлган кишининг Аллоҳ таоло изни билан тирилиши Исо алайҳиссаломга мўжиза қилиб берилган. Бу умматдан бирортасига каромат бўлиши ҳақиқатдан йироқ эмас. “Китобун нубувваат” китобида “Бу умматдан бир нечалари қўлида(Аллоҳ таолонинг изни билан) ўликларнинг тирилганлари собит бўлган”, дейилган. Лекин биринчи айтилган Ургут воқеасининг асли йўқ. Иккинчиси борасида изланиш қилиб кўрамиз.

1 Май 2022, 07:22 | Савол-жавоблар | 175 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar