Жаннатда Расулуллоҳни кўриш учун нима қиламиз

Ассалому алайкум! Жаннатнинг даражалари бор бўлса, энг қуйи даражадаги инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўра оладими? Ўзи умуман жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишлик учун нималар қилиш керак? Қандай амаллар қилиш керак? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Қуйидаги ҳадисга амал қилинг. عَنْ رَبِيعَةَ بْنِ كَعْبٍ الْأَسْلَمِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ أَبِيتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَأَتَيْتُهُ بِوَضُوئِهِ وَحَاجَتِهِ، فَقَالَ لِي: سَلْ، فَقُلْتُ: أَسْأَلُكَ مُرَافَقَتَكَ فِي الْجَنَّةِ، قَالَ: أَوْ غَيْرَ ذَلِكَ؟ قُلْتُ: هُوَ ذَاكَ، قَالَ: فَأَعِنِّي عَلَى نَفْسِكَ بِكَثْرَةِ السُّجُودِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаган эдим. У зотга таҳорат сувлари ва бошқа ҳожатлари тушадиган нарсаларини келтирдим. У зот:
«Сўра», дедилар.
«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», дедим.
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар.
«Шунинг ўзини», дедим.
У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундай бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиснинг ровийcи Робийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик.
Тўлиқ исмлари Робийъа ибн Каъб ибн Молик ибн Яъмур ал-Ас¬ламий, кунялари – Абу Фирос. Бу киши Ҳижоз аҳлидан бўлиб, улуғ саҳобалардан ҳисобланар эдилар.
Робийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳу суффа аҳлидан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир неча ҳадислар ривоят қилдилар. Бу кишидан Абу Салама ибн Абдурраҳмон, Ханзала ибн Амр, Абу Имрон ал-Жуъфийлар ривоят қилганлар.
Робийъа ибн Каъб ал-Асламий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда кечаси бирга қолган эдилар. Ўшанда у зотнинг хизматларини ихлос билан қилиб, таҳорат суви, мисвок ёки жойнамозга ўхшаш ҳожат тушадиган нарсаларни келтирганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишидан рози бўлиб, «Хоҳлаган нарсангни сўра», дебдилар. Ана ўшанда Робийъа ибн Каъб ал-Асламий:
«Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», деди.
У киши жуда катта нарсани, умуман, ҳаётнинг асосий муддаосини сўраган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ниятлари жиддийлигини билиш учун:
«Бундан бошқани эмасми?» дедилар».
Лекин Робийъа жиддий оҳангда:
«Шунинг ўзини», дедилар.
«Ундай бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Бу Пайғамбаримизнинг «Мен сенинг жаннатда рафиқим бўлишинг учун қўлимдан келган ҳаракатни қиламан, аммо ўзинг ҳам бу ишда менга ёрдам бер. Менга ёрдам беришинг саждани кўп қилиш билан бўлсин», деганларидир.
Бундан жаннатга киришнинг энг асосий омиллари намоз ва ундаги саждалар эканлиги билинади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Аҳли фазл кишиларнинг хизматида бўлиш фазилатли иш эканлиги.
2. Улуғ кишиларга таҳорат суви ва шунга ўхшаш ҳожатлари тушиб турадиган нарсаларни муҳайё қилиб туриш кичикларнинг вазифаси эканлиги.
3. Аҳли фазл кишилар ўзларини рози қилган атбоъларига мурувват этиб туришлари.
4. Сўраганда охират саодатини сўраш кераклиги.
5. Бир нарсани сўраган кишидан: «Бундан бош¬қани эмасми?» деб сўраш жоизлиги.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам амал қилмаган одамнинг жаннатга киришига бевосита сабаб бўлмасликлари.
7. Намознинг фазилати катта бўлиб, унинг жаннатга кириш учун зарур амал эканлиги.
8. Робийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг фазилатлари.
Демак, иложи борича кўп намоз ўқиб, саждани кўпайтиришимиз лозим. Ана шунда жаннатдан ва ундаги олий мартабалардан умидвор бўлсак ярашади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

3 Май 2022, 19:40 | Савол-жавоблар | 180 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar