“ИМОМЛИК КАСБ ЭМАС ШАРАФЛИ ВАЗИФА" деб номланган мақолани ўқиб

Ассаламу алайкум Шайх Ҳазратлари! Яқинда Тошкент шаҳридаги бир масжид имоми шу саволни сиздан сўраб беришимни илтимос қилдилар.У кишининг айтишларича ИСЛОМ НУРИ газетасининг 6-сони 2-саҳифасида Новза масжиди имоми Жалолиддин домла “ИМОМЛИК КАСБ ЭМАС ШАРАФЛИ ВАЗИФА" деб номланган мақолани чиқарибдилар. Имомнинг айтишларича, шу мақолани кўтариб кириб баъзи одамлар сиз имомлар ойлик олмаслигингиз керак экан. Мана мақола, имомлик касб эмас экан, деб хиралик қилишяпти экан. Тушунтиришлар бефойда экан. Ҳатто имом домлага Фарғонадан таниш имомлар телефон қилиб сизларда нима гап бизни оми ҳалқ шу мақола билан безовта қилаяпти дейишибди. Энг ачинарлиси бир имом шу гапни кўтара олмай ариза ёзиб ишдан кетибди. Мен ўзим мақолани қайта-қайта ўқиб чиқдим, лекин мақола жуда тўғри ёзилган, ортиқча гап йўқ. Буни имом домла ҳам таъкидладилар. Лекин сарлавҳа оддий одамларни шу фикрга келишига сабаб бўлган менимча. Имом айтдиларки, агар Шайх Ҳазратлари шу нарсага ўз фикрларини билдириб бир мақолами ёки видео ролик тайёрласалар, биз баъзи нодонларга кўрсатар эдик дедилар. Улар буни тушунтишга ҳаракат қилишса улар тушунишни истамай ҳар-ҳил гап айтишаётганмиш. Узтоз олдиндан сизга раҳмат!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Минг афсуски, нодонлар ва ғаразгўйлар тирноқнинг остидан кир ахтарадилар. Ҳозирги кунда имом домлаларга осиладиганлар жуда кўпайган. Айниқса, имом домлаларга тушадиган даромад ҳақида жуда кўп ғийбатларни қилишади. Бу гапни ўзбек тилида эшиттириш олиб борадиган чет эл радиолардан баъзилари ва бемазҳаблар шавқ ва завқ ҳамда муболаға билан турли тарафларга тарқатишга ишқибозлар. Мақоланинг муаллифи ўзи имом домла. Мақолани имомликни шарафлаш ва имомларнинг руҳиятини кўтариш мақсадида ёзганлар. Аммо ғаразгўйлик ўз эгасини кўр ва кар қилиб қўяди. Имомликка ҳақ олиш борасида барча уламолар жоиз деган фатвони чиқарганларига минг йил бўлди. Муҳтарам имом домлаларимиз мазкур ғаразгўйларнинг гапларига эътибор бермасинлар. Аллоҳ таолонинг Ўзи кўриб, билиб турибди ва У Зотнинг Ўзи ҳисоб китобни ҳам қилади. Севикли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо алайҳиссалом "Уламолар анбиёларнинг меросхўрларидир" деганлар. У Зот яна "Ким олимимизнинг қадрини билмаса, биздан эмас" деганлар.Ушбу аянчли муносабат ила барча дин қардошларимизни барча уламоларимизни, имом домлаларимизни эҳтиром қилишга, уларнинг дуоларини олишга уринишга чақирамиз.

4 Май 2022, 14:24 | Савол-жавоблар | 163 | Долзарб саволлар
|
Boshqa savol-javoblar