Жон бераётган кишига калима айтиш

Ассалому алайкум! Ўлим олдидан қандай калима айтилади (саволим ноўрин бўлган бўлса узр) . Иложи бўлса ёзиб берсангиз.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
Муҳтазар(ўлимга юз тутган шахс)ни ўнг ёнбоши ила қиблага юзлантириш суннатдир. Чалқанча ётқизиш ихтиёр қилинган. Шаҳодат талқин қилинади. عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَقِّنُوا مَوْتَاكُمْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ  Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жон таслим қилаётганларингизга: «Ла илаҳа иллаллоҳу»ни талқин қилинглар», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Ўлим олдида турган шахснинг ёнида ҳозир бўлган кишилар овозларини чиқариб «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтиб туришлари ҳукми мана шу ҳадиси шарифдан олинган.
Муҳтазарга «Шу калимани айт», деб мажбур қилинмайди. Жон аччиғида «Айтмайман», деб юбориши, юз ўгириши ёки бошқа ноқулай ҳолат пайдо бўлиши мумкин. Шунинг эътиборидан, ҳозир бўлганлар ўзларича овозларини чиқариб айтиб туришади. Муҳтазар ҳам айтса, тўхташади.
Охирги сўзи калимаи шаҳодат бўлган инсон бахтли бўлади. Муҳтазар калимаи шаҳодатни айтгандан кейин яна бошқа гап айтса, ҳозир бўлганлар яна калимаи шаҳодатни айта бошлайдилар.
Хуллас, нима бўлганда ҳам, муҳтазар ўз ихтиёри билан охирги сўз сифатида калимаи шаҳодатни айтишига эришишга ҳаракат қилинади.
Бу ҳолатдаги ишларни муҳтазарнинг энг яқин ва яхши кўрган кишиси, унга қандай муомала қилишни яхши биладиган одам қилиши керак. Валлоҳу аълам!

4 Май 2022, 14:24 | Савол-жавоблар | 190 | Дуолар
|
Boshqa savol-javoblar