Дўстим онасининг никоҳи

Ассалому алайкум! Менинг бир дўстимнинг онаси бир христиан динига мансуб эркак билан яшаётган экан. Ўрталигида никоҳ йўқ. Эшитишимча агар у эркак христиан динида қолган бўлса, исломга кирмаган бўлса у билан яшаётган муслима бўлган дўстимнинг онасини охирати куйган бўлармуш. Шу ростми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Рост, уларни никоҳлари боғланмайди. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади : وَلاَ تَنكِحُواْ الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ وَلأَمَةٌ مُّؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ وَلاَ تُنكِحُواْ الْمُشِرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُواْ وَلَعَبْدٌ مُّؤْمِنٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ أُوْلَئِكَ يَدْعُونَ إِلَى النَّارِ وَاللّهُ يَدْعُوَ إِلَى الْجَنَّةِ وَالْمَغْفِرَةِ بِإِذْنِهِ وَيُبَيِّنُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ۝ 221. Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Анавилар ўт-оловга чақирарлар. Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар.
Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш-истакларига жавоб беради. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланадилар. Бу ҳолга эришиш аввало, қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса ақийда бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов унинг диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Исломда ақийдасида бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман этилади.
«Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг».
Мусулмон эркак Ислом ақийдасидан ўзга ақийдадаги мушрика аёлга уйланиши мумкин эмас. Лекин у аёл ўз динини тарк этиб, Ислом динига кириб, мўмина бўлса, шундан кейин уйланса бўлади. Бу ҳукмдан яҳудий ва масиҳий динидаги аёллар мустасно. Улар ўз динларида турсалар ҳам, мусулмон эркак уларга уйланса бўлади. Бошқа оятлар муносабати билан бу масалани яна ўрганамиз, иншааллоҳ. Мушрика аёлларга уйланишни ман қилгандан кейин Аллоҳ таоло аёлларнинг қай бири Ўзининг ҳузурида яхши эканини баён қилмоқда:
«Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир».
Аллоҳнинг ҳузурида аёл кишининг яхши-ёмонлигини ўлчашдаги бош мезон унинг иймонидир. Агар аёл киши чўри бўлса ҳам, мўмина бўлса, бас, бошқа ҳар қандай аёлдан яхшидир. Тўғри, мушрика аёл ўзининг озодлиги, ҳусни-жамоли, шакли-шамоили, мол-дунёси, насли-насаби ва яна қандайдир жиҳатлари билан эркакларни қизиқтириши, уларга ёқиши мумкин. Лекин мушрикалиги, иймонининг йўқлиги, Аллоҳга ширк келтириши ҳамма нарсадан ёмон. Ундай мушрика аёлдан чўри бўлса ҳам, хунук бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, насли-насаби гўё паст бўлса ҳам, мўмина аёл яхшидир. Қалбидаги иймони уни юқори даражаларга олиб чиқади. Шунингдеқ мўмина аёлларнинг мушрик эркакларга турмушга чиқишлари, уларга никоҳланишлари қатъиян ман қилинади:
«Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг».
Яъни мўминаларни уларнинг никоҳига берманг. Муслима-мўмина аёллар мусулмон динидаги эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб, мўмин бўлсагина, рухсат бўлади. Ҳатто эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам, муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:
«Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар», – деганлар.
Худди аёлларга ўхшаб, эркаклар фазлининг ўлчови ҳам иймондир:
 «Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир». Яъни эркак киши қул бўлса ҳам, мўмин бўлса, бас, бошқа иймонсиз эркаклардан яхшидир... Эркак бўлсин, аёл бўлсин, иймонсизлиги, мушриклиги жуда ёмон, ким улар билан алоқада бўлса, хусусан, никоҳ каби муқаддас ва нозик алоқада бўлса, касофати уради. Урганда ҳам, энг ҳассос нуқтада – ақийда бобида уради ва инсон ўз турмуш ўртоғига эргашиб, динидан чиқиб кетиши хавфи бор.
Шунинг учун оятда: «Анавилар ўт-оловга чақирарлар», – дейилади.
Анавилар (мушриклар) ўзлари билан бирга бўлганларни мушрикликка, бу дегани, дўзах ўтига чақирадилар.
 «Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар».
Шунинг учун Аллоҳ таолонинг баён қилиб берган оятларига амал қилиб яшаш керак. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

5 Май 2022, 01:51 | Савол-жавоблар | 163 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar