Уламоларимиз

Ассалому алайкум! Уламо ким? Аброр мухтор ва Рустамжон домлаларни уламо деб тан олишимиз керакми? Ёшлар орасида урф бўлди, уламоларга қарши чиқсанг кофир бўласан ва 7 авлодинг куйиб кетади деб.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Уламо олимнинг жами. Диний илмларни эгаллаган кишиларга уламо дейилади. Илмда пешқадам бўлган кишиларни уламо деб ҳурмат қилишингиз ва уларга эргашингиз керак. Бу Ислом умматининг асрлар оша амал қилиб келяпган, салафи солиҳ улуғларимиздан бизга етиб келган таълимот ҳисобланади. Саҳобалар, тобеъий, табаъа тобеъий ва кейинги авлодларда ҳаммалари шундай қилишган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Катталаримизни улуғламаган, кичикларимизга раҳим қилмаган ва уламоларимизнинг ҳаққини билмаган биздан эмас”, деганлар. Саҳобалардан улуғлари бўлган, “Қуръоннинг таржимони” лақаби билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг уловларини тутиб миндирмоқчи бўлганларида: “Сиз-а, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амкилари ўғли ансорлардан бир кишини уловини тутасизми?!” дедилар. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Ҳабр – олим шундай улуғланиши ва шарафланиши керак!” деганлар. Шунга биноан шариатимизда уламоларни ҳурмат қилиш, уларни улуғлаш мусулмонларни вазифаси ҳисобланади.  “Уламога қарши чиқсанг” деганда шариатга мувофиқ айтган гапига қарши чиқсанг, ҳурматсизлик қилсанг дегани бўлади. Уламоларни ҳурмат қилмаслик, Аллоҳ асрасин уларни шаънига ёмон гапларни гапириш ва ҳақорат қилишнинг оқибати жуда оғир бўлади. Валлоҳу аълам!

5 Май 2022, 03:40 | Савол-жавоблар | 150 | Таълим ва мутаъаллим
|
Boshqa savol-javoblar