Хурмат юзасидан

Бир кишини уйида эхсонда утирибмиз.Одатта утирган хонани "тур"идан(олдини) бошлаб тулдириб утирилади.Кейинрок келган киши давомида утираверади.Куп холларда баъзи кишилар кеч келишади ва хонани келган жойидан тулдириб утиради.Агар уша кеч келган киши кори ёки илмли киши булса,хамма урнидан туриб у кишини олдинга(турга)утин-утинг деб айтишади. Шу мулозамат одоб юзасидан тугрими ёки хамма катори давомида утиришлари керакми? Умуман шундай пайтда хамма туриши керакми?
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- Бу саволни одатда бемазҳаблар беришади. Чунки улар мулла ва қориларни ўзларининг душмани деб билишади. Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар», дедилар».Шарҳ: Саҳобаи киромлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши – олим ва обид зикр қилинди ва уларнинг қайси бири афзал эканлиги ҳақида сўралди.Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар. Саҳобалик катта бахт, ҳатто энг кичик саҳо-ба бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини топиш ҳам чексиз саодат. Шунингдек, обид бўлишлик ҳам яхши нарса. Аммо обидни олим билан тенглаштириб бўлмайди. Олимлик даражаси жуда ҳам устундир. Олим билан обиднинг орасидаги фарқ худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобанинг орасидаги фарққа ўхшайди. Бу фарқни тўла тасаввур этиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти мубораклари нақадар олий эканлигини англаб етишимиз керак бўлади. У зот одам боласининг энг улуғи, Аллоҳ пайғамбарларининг энг афзалидирлар. Оддий инсонлар ичида энг афзал инсонлар саҳобалар бўлиб, уларнинг ичида катта саҳобалар, катта саҳобалар ичида эса тўрт халифа энг афзал бўлсалар, уларнинг ҳаммалари тўплангандаги фазллари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Энди шу таққосни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобий ўртасида қилиб кўрайлик. Орадаги фарқ қандоқлигини шундан билиб олаверсак бўлади. Ислом назарида олим билан обид орасидаги фарқ шунча бўлса, энди олим билан оддий одам ўртасидаги фарқни билиб олаверинг.Шунинг учун ҳам ўшандоқ фазлга эга бўлишни хоҳлаган киши диний илмларни эгаллаб, олим бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Диний илмларни эгаллаган мусулмон олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги аввал ўрганган ҳадисларимизнинг бирида айтиб ўтилган эди. Энди эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кичик саҳобийдан қанчалик афзал бўлсалар диний илмлар олимининг обид кишилардан шунчалар афзал эканликлари баён қилинмоқда. Бунда эса диний илмларни ўрганишга катта тарғиб бор. Чунки ҳар бир жамиятгина эмас, балки бутун инсоният исломий илмларни яхши билган олимларга жуда ҳам муҳтож. Аллоҳнинг каломини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, шариатимиз таълимотларини кишиларга етказишда ана ўша олимлар зарурдирлар. Инсониятга Ислом ҳидоятини таништириш, мусулмонларга шариат аҳкомларини баён қилиш, ҳалолни ҳаромдан, гуноҳни савобдан, яхшини ёмондан ажратиш йўлларини кўрсатиш учун мусулмон уламолар керакдир.Шунинг учун ҳам уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меросхўрлари, умматимизнинг гултожлари, деб қаралади. Уларни чексиз ҳурмат қилинади. Исломда ҳақиқий диний илмлар уламолари қанчалик тақдирланишларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис давомидаги сўзларидан ҳам билиб олсак бўлади: «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар».Саловот айтиш Аллоҳ таоло томонидан бўлганда У зотнинг бандага кўрсатадиган раҳматини ифода қилади. Саловот осмонлар аҳли, яъни, фаришталар томонидан бўлганида эса, уларнинг бандага истиғфор айтишини ифода қилади. Саловот айтиш ер аҳли, яъни, одамлар томонидан бўлганда эса, уларнинг дуо қилишларини ифода этади. Одамларга яхшиликни ўргатувчилар мусулмон уламолардир. Чунки Ислом нуқтаи назарида яхшилик Ислом шариати яхши, деб айтган нарсалардир. У нарсалар нима эканини уламолар биладилар ва одамларга ўргатадилар. Уламолар ўз дарслари, ваъз-насиҳатлари, илмий суҳбатлари билан, ёзган китоблари ва ҳозирги замонда матбуот ва ахборот воситалари орқали тарқатган мақолалари билан одамларга Аллоҳнинг динини – айни яхшиликни ўргатадилар. Ана шундай ишни ихлос билан, Аллоҳнинг розилиги учунгина адо этадиган ҳақиқий уламоларга:1. Аввало, Аллоҳ таоло саловот айтади, яъни, уларга раҳмат назари билан қарайди.2. Сўнгра осмонларнинг аҳли, яъни, фаришталар ва яна осмонда бўлиши мумкин зотлар саловот-истиғфор айтади.3. Ернинг аҳллари, яъни, одамлар ва жинлар ҳам ўша уламоларга одамларга яхшиликни ўргатганлари учун дуо қилиб турадилар.4. Ердаги бошқа жонзотлар ҳам, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва сувдаги балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга саловот айтиб турадилар.Бу нарсалар ҳақиқий мухлис уламолар Исломда қандоқ тақдирланишларини яна бир бор намоён қилмоқда. Кези келганда эслатиб ўтиш жоиз бўлган бир нарса бор. Ҳамма яхшиликлар суиистеъмол қилинганидек, уламолик шарафи ҳам баъзи кишилар томонидан суиистеъмол қилинади. Баъзи одамлар мусулмонлар томонидан уламоларга кўрсатиладиган эҳтиромни кўзлаб, ўзларини уламо қилиб кўрсатиб юрадилар. Аслида эса, улар ҳақиқий уламо бўлмайдилар, баъзилари билганларига амал ҳам қилмайди. Албатта, бундай кишилар мазкур мадҳ ва ваъдалардан мустаснодирлар. Дунё учун, риё учун, шуҳрат учун ўзини олим кўрсатган, илмига амал қилмаган кишиларнинг ҳоли қандоқ бўлиши бошқа ҳадисларда баён қилинган.Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:1. Олим билан обиднинг орасидаги фарқни ва шунга ўхшаш нарсаларни сўраш мумкинлиги.2. Олимнинг обиддан фазли худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг кичик саҳобийдан афзалликларига ўхшаши.3. Аллоҳ таолонинг одамларга яхшилик ўргатувчига раҳмат назари билан қараши.4. Осмонлардаги зотлар уламолар ҳаққига истиғфор айтиб туришлари.5. Ердаги зотлар уламолар ҳаққига дуо қилиб туришлари.6. Ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам уламолар ҳаққига дуо қилиб туришлари.Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиш учун олим бўлишга уриниш, олимнинг обиддан фазли қанчалар кўп эканини тушуниш керак. Олимлар эса, ўз исмларига яраша ихлос билан Аллоҳнинг йўлида кишиларга яхшиликни ўргатишлари зарур. Мусулмонлар эса, ҳақиқий олимга Аллоҳ тарафидан, осмонлар аҳли тарафидан, ер аҳли тарафидан, ҳаттоки, уясидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам саловот айтишидан ибратланиб, уламоларнинг ҳақларига дуо қилишлари, уларни иззат-икром этишлари лозим. Мусулмонман, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, деган киши У зотнинг ҳадисларига амал қилиши керак. Пайғамбаримизнинг ҳадиси эса, уламоларни ҳурмат қилишни буюрмоқда. Бу нарса бир вақтнинг ўзида уламоларни беҳурмат қилмаслик маъносини ҳам англатади. Ислом динида ҳақиқий уламоларни беҳурмат қилишлик – одамларга яхшилик ўргатувчини беҳурмат қилиш, пайғамбарлар меросхўрларини, Аллоҳнинг раҳмат назарига сазовор кишиларни, осмондаги ва ердаги зотлар барчасининг саловотига сазовор зотларни беҳурмат қилиш бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа бир ҳадисларида «Ким кичигимизни иззат қилмаса, каттамизни улуғламаса ва уламоларимизни эҳтиром қилмаса, биздан эмасдир», деганлар.

5 Май 2022, 04:35 | Савол-жавоблар | 155 | Руҳий тарбия
|
Boshqa savol-javoblar