Бадр асирларидан ўлдирилганлари ҳақида

Бадр асирларидан бир кишини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қатл қилишга амр қилган эканлар. У киши ким эди?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр ғазотидан етмишта мушрикни асир олиб, Мадинага қайтаётиб, Сафро қишлоғига етганларида малъун Назр ибн Ҳорисни ўлдиришга буйруқ берганлар. У Бадрда мушрикларнинг байроқдори бўлган, Қурайшнинг энг катта жиноятчиларидан бири, Исломнинг ашаддий душманларидан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озори энг қаттиқ кимсалардан бири эди. Унинг бошини танасидан ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу жудо қилган.Ирқуз Забя тепалигига етганларида эса малъун Уқба ибн Абу Муъайтни қатл қилишга буйруқ берганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида сўйилган туянинг қоғоноқини келтириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига ташлаган ҳам, ридоси билан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни бўғиб, ўлдириб қўяёзган ҳам мана шу бадбахт эди. Уни Осим ибн Собит Ансорий розияллоҳу анҳу (ёки ҳазрат Алий розияллоҳу анҳу) қатл қилган.

5 Май 2022, 14:02 | Савол-жавоблар | 149 | Сийрат ва тарих
|
Boshqa savol-javoblar