Бировнинг қолдирилган буюми

Ассалому алайкум! Хато ва камчиликлар учун аввалдан узр. Укам мадрасада ишлайди. Хунарманд. Ўзининг алохида хонаси бор. Мадраса хожатхонасида бир ойча аввал кимнингдир соати қолиб кетибди. Арзон соат эмас. Мадрасага ўқитувчилар, ўқувчилар киришади. Дарс ўтилади. Агар улардан бирортасини йўқолганида эълон қилинар экан. Лекин мадрасага сайёхлар, бирор эхсон қилувчилар хам кирар экан. Балки ўшаларники қолган бўлиши мумкин. Укам шу соатни қўлига тақиб юрибди. Тақма бу бировнинг омонати. Уни устига арзон соат эмасакан десам, эгаси чиқса қайтариб бераман деди. Шу соатни тақиб юриши ёким эгаси чиқмаса ўзиники қилиб олиши мумкинми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Мутлақо жоиз эмас. Укангиз олмаган бўлганида қолдирган одам келиб олиб кетар эди. Ҳалиям кечмас мадрасага қайтарсин. Бировнинг ҳаққидан қўрқсин, қиёмат куни ўша нарса эвазига қилган ҳамма савобларини олиши мумкин.
Ҳакимул уммат, мавлоно Ашраф Али Таҳонавий роҳматуллоҳи алайҳ «Бировнинг ҳаққига зулм қилганларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилмас» деган мавзуда ўзлари бошдан кечирган бир воқеани ҳикоя қилиб берадилар: «Одатда бомдод намозидан кейин тафсир илми билан машғул бўлардим. Бу борада «Баёнул-Қуръон» номли тафсир китобини ёзишга киришган эдим. Бир куни аҳли аёлим эрталаб қаергадир бориб келиш ижозатини олди-да, соат саккизда товуқларга ем бериб қўйиш кераклигини эслатди. Мен «хўп» деб, ўз ишим билан овора бўлаверибман. Бироз ўтгач, китоб ёзиш асносида хаёлимга келиб турган фикрларни қоғозга тушира олмай қолдим. Худди билган нарсаларим йўқ бўлиб қолгандек эди. Тафсир борасида янги фикр келмай қолгач, шояд бошқа ишга киришсам, фикрлар очилиб кетар, деган хаёлда халқдан келган саволларга ёзма жавоб беришга киришдим. Бироқ, таажжубки, бунда ҳам саволларга жавоб беришга, биламан деб ўйлаган нарсаларимни қоғозга туширишга қийналдим. Гўёки фикрларимни бир қора булут тўсиб тургандай эди. Қўрқиб кетдим. Наҳот мен учун Аллоҳнинг раҳмат эшиклари ёпилиб қолган бўлса, нима хатога йўл қўйдим?! Шу пайт ич-ичимдан «Сен Аллоҳнинг махлуқотига зулм қиласан-у, яна Аллоҳнинг раҳматидан умид қиласанми?», деган фикр келди. «Астағфируллоҳ» деб дарҳол ўрнимдан турдим, товуқхонага бориб уларга ем бердим, Роббимга истиғфорлар айтиб, тавба қилдим: «Роббим, мен ожиз бандангнинг билмай қилган хатосини Ўзинг афв қил!». Шундан сўнг хонамга кириб, «Бисмиллаҳ» деб қаламни ушладим. Алҳамдулиллаҳ, фикрлар ёмғирдек ёғилиб кела бошлади. Бояги булутдан эса асар ҳам йўқ эди».
Энди бировнинг ҳаққига ойлаб, йиллаб зулм қилганлар қандай қилиб топган нарсаларини, мол-мулкларини Аллоҳнинг раҳмати, инъоми деб билиши мумкин.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир сифатлари шуки, у зоти бобаракот бутун оламга раҳматдирлар. У зот имкон қадар ўша раҳматдан умматларига ҳам етишидан умидвор эдилар ва қачон саҳобалардан бирортаси вафот этса, жанозасини ўзлари ўқишга шошилар эдилар. Ҳатто бир аёл вафот этиб, дафн қилинганлигини эшитганларида «Менга хабар бермабсизлар-да», деб танбеҳ ҳам берганлар ва бориб, қабрининг тепасида унга жаноза ўқиганлар. Лекин вафот этиб, зиммасида қарзи қолган кишиларга жаноза ўқишдан бош тортганлар. Валлоҳу аълам!

6 Май 2022, 00:01 | Савол-жавоблар | 167 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar