Тўйхонадаги олиб келинган нарсалар

Ассалому алайкум! Тўйхонада ошхона ишчисиман. У ерга барча маҳсулотларни бир кун олдин тўй эгалари ташлаб кетишади. Бир кун олдин биз уни пиширамиз тўғраймиз кесадиганини кесамиз. Шу жараёнда озгина тамини кўрамиз. Баъзилар қорни очиб озгинадан таом пиширишади. Биз ишимиз жараёнида истемол қилишимиз қанчалик тўғри? Бировнинг ҳаққи бўлмайдими? Шундай дейилса “тўйга ейишга олиб келишади қилаётган нарсангни тами яхшими йўқми билмасдан қўявермайсанку” дейишади. Масаланинг 2-томони, тўйдан майда чуйда нарсалар қолиб кетади(ишлатилган туз, зираворлар, чой, сабзавотлар 2-3 донадан ва ҳоказо). Булар тўйхонада қолиб кетса эгасининг эсидан чиқиб кетса, базиларга керак ҳам эмас. Уларни ўзимиз истемол қилишимиз ёки бошқа кунги тантананинг таомларига ишлатиб юбориш ҳукми қандай? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Эгаларидан рухсат сўраб қўйиш шарт. Сизлар уни кичик фаҳмлаб беэътибор бўлманглар. Аллоҳ таоло "Залзала" сурасида марҳамат қилади:   فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ۝وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ۝ 7. Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўрадир.
8. Ва ким зарра вазнича ёмонлик қилса ҳам кўрадир.
Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қиладилар: Соъсоъа ибн Муовия исмли одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда, ул ҳазратлари унга «Фаман яъмал мисқола зарротин хойрон яроҳ, ва ман яъмал мисқола зарротин шарран яроҳ»ни ўқиб берганларида, у: «Бундан бошқа нарсани эшитмасам ҳам, менга шунинг ўзи етарли», – деган экан.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир хурмонинг ярми ёки бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам, ўзларингизни дўзахдан сақланглар», – деганлар. Яъни бу яхшиликнинг кичиги бўлмайди, деганларидир.
Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзга илинмайдиган гуноҳлардан сақланинглар, чунки улар тўпланиб, кишини ҳалок қилади», – деганлар.
Ҳар доим, кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам яхшиликни қилиб, шунингдек, кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

6 Май 2022, 22:27 | Савол-жавоблар | 156 | Ҳалол ва ҳаром
|
Boshqa savol-javoblar