Дўст бўлса бўладими

Ассалому алайкум! Мен дўстимга бир ҳадисни ўқиб бергандим. Киши дўстининг динидадир. Ким билан дўстлашаётганига қарасин! Шунда у нима бошқа дин вакиллари билан дўст бўлиб бўлмайдими деб савол берди. Нима деб жавоб беришни билмаяпман. Менга ёрдам берсангиз. 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ўша дўстлардан таъсирланишга қаралади. Агар уларга сиз таъсир қилиб, Исломни гўзал кўрсата олсангиз ва уларни ҳидоятига сабаб бўлолсангиз дўстлашиш мумкин. Аммо ўзингиз улардан таъсирланиш хавфи бўлса узоқроқ юриш керак. Аллоҳ таоло "Шамс" сурасида марҳамат қилади:  فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا۝ 8. Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди.
Яъни Аллоҳ таоло инсон нафсини бекаму кўст қилиб яратган бўлишига қарамай, унга, унинг нафсига фужур йўли нима-ю, тақво йўли нима эканини баён қилиб ҳам берди: яхши нима, ёмон нима; иймон нима, куфр нима; савоб нима, гуноҳ нима; ҳидоят нима, залолат нима – ҳамма-ҳаммасини тушунтириб берди.
Ана шундан кейин, энди قَدْ أَفْلَحَ مَن زَكَّاهَا۝ 9. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, зафар топди.
Яъни ким ўз нафсини куфрдан, ширкдан, нифоқдан, турли ёмонлик ва гуноҳлардан покласа, икки дунёда ютуққа эришади. وَقَدْ خَابَ مَن دَسَّاهَا۝ 10. Ва батаҳқиқ, ким уни булғаса, ноумид бўлди.
Яъни ким ўз нафсини куфр, ширк, нифоқ, турли ёмонлик ва гуноҳлар ила ифлос қилса, икки дунёда ноумид бўлади. Ҳасратга учрайди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

7 Май 2022, 07:21 | Савол-жавоблар | 151 | Турли саволлар
|
Boshqa savol-javoblar