Савоби ўн баробар қилиб ёзилиши

Ассалому алайкум! Ҳадисларда келтирилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 1 саловат айтилса у номаи амолига 10 та бўлиб ёзиларкан. Истиғфор ва бошқа зикрлар ҳам шу қадар кўпайтрилб ёзиладими?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Бу нарса ихлосга боғлиқ. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади:   مَّثَلُ الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنبُلَةٍ مِّئَةُ حَبَّةٍ وَاللّهُ يُضَاعِفُ لِمَن يَشَاء وَاللّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ۝ 261. Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир. Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир.  عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ بَيْنَ خَالِدِ بْنِ الْوَلِيدِ وَبَيْنَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ شَيْءٌ، فَسَبَّهُ خَالِدٌ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَا تَسُبُّوا أَحَدًا مِنْ أَصْحَابِي، فَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَوْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلَا نَصِيفَهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ. وَلِلتِّرْمِذِيِّ: إِذَا رَأَيْتُمُ الَّذِينَ يَسُبُّونَ أَصْحَابِي فَقُولُوا لَعْنَةُ اللهِ عَلَى شَرِّكُمْ  Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Холид ибн Валид билан Абдурраҳмон ибн Авфнинг ўртасида бир гап ўтган эди. Бас, Холид уни сўкди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Саҳобаларимдан бирортасини ҳам сўкманглар! Сизлардан бирингиз Уҳуд мислича олтин нафақа қилса ҳам, улардан бирининг муддича ёки ярим муддичасига ета олмас», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Термизийнинг ривояти:
«Қачон саҳобаларимни сўкаётганларни кўр¬сангиз, «Сизнинг шаррингизга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», денглар», дедилар».
Шарҳ: 
«Мудд» – оғирлик ўлчови.
Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча хулосалар келиб чиқади:
1. Саҳобаи киромларни мутлақо сўкиб бўлмаслиги.
2. Саҳобаи киромларнинг қилган амаллари, жумладан, садақаларининг савоби ҳам кўп мартага зиёда қилиб берилиши.
3. Саҳобаи киромларни сўкиш шарр – ёмонлик эканлиги.
4. Саҳобаи киромларнинг сўкилаётганига гувоҳ бўлиб қолган киши у зотларни ҳимоя қилмоғи лозимлиги.
5. Саҳобаи киромларни сўккан одамларга: «Сизнинг шаррингизга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дейиш лозимлиги.
Юқорида ўрганган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар саҳобаи киромларнинг фазллари қанчалик улуғ эканлигини, уларни эҳтиром қилиш ва эъзозлаш лозимлигини кўрсатади. Биз, мусулмонлар бу ишни ихлос билан бажармоғимиз лозим. Шу билан бирга, ўзимиз бу улуғ инсонларнинг ҳеч бирларини сўкишга журъат қилмаслигимиз, баъзи бир ушбу нобакорликни қиладиганлар чиқиб қолгудек бўлса, уларни бу ишдан қайтаришимиз керак бўлади.
Энди саҳобаи киромлар ҳақида асар бўлиб қолган баъзи бир фикрларни ҳам ўрганайлик.
Абу Нуъайм «Ҳилятул авлиё»да Абдуллоҳ ибн Масъуднинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларига назар солиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ихтиёр қилди ва у зотни Ўз рисоласи ила юбориб, Ўз илми ила танлаб олди. Сўнгра у зотдан кейинги одамларнинг қалбларига назар солди ва у зотнинг саҳобаларини танлаб олди. Бас, уларни Ўз динининг ёрдамчилари ва Набийсининг вазирлари қилди».
Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Ким бировнинг суннатини оладиган бўлса, вафот этган кишининг суннатини олсин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ушбу умматнинг энг қалби яхшилари, энг илми чуқурлари ва энг такаллуфи озлари эдилар. Улар Аллоҳ таоло томонидан У Зотнинг Набийсига саҳоба бўлиш учун ва У Зотнинг динини нақл қилиш учун танлаб олинган қавм эдилар. Бас, уларнинг ахлоқлари ва тутган йўлларига ўхшашга урининг¬лар. Каъбанинг Роббиси бўлган Аллоҳ ила қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мустақим ҳидоятда эдилар».
Саҳобаи киромларни эҳтиром қилиш ва уларга нисбатан беодоблик қилмаслик ҳақидаги шунча таълимотларга қарамасдан, кейинчалик баъзи бир томонлар у буюк зотларга нисбатан беодоблик қилишга ўтдилар. Орада кўплаб тортишувлар бўлди. Ниҳоят, «Аҳли Сунна ва жамоа» ақийдавий мазҳабининг уламолари саҳобаи киромларга нисбатан мўмин мусулмонлар қандай муносабатда бўлишлари кераклиги ҳақидаги гапларни ақийда китобларига битиб қўйдилар.
Қуйида намуна тариқасида саҳобаи киром ҳақида «Талхийси шарҳи ақоиди Тоҳавия» китобида келтирилган матндан парча келтирамиз. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

7 Май 2022, 14:15 | Савол-жавоблар | 146 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar