Аллоҳни сўкканга муомала

Ассалому алайкум! Охирги вақтларда катта аросатда қолганман. Ўзим рус мактабида ўқиганман, у ерда эса кофирлар кўплиги хаммага аён. Баъзи болалар шунақа мактабларда Аллоҳга ишонмаганлиги сабабли мусулмонлар олдида Аллоҳни харом гаплар билан сўкишса, мусулмонлар нима қилиши керак? Сўккан одамни урсинми ё Аллоҳга қўйиб берсинми? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:  وَقَدْ نَزَّلَ عَلَيْكُمْ فِي الْكِتَابِ أَنْ إِذَا سَمِعْتُمْ آيَاتِ اللّهِ يُكَفَرُ بِهَا وَيُسْتَهْزَأُ بِهَا فَلاَ تَقْعُدُواْ مَعَهُمْ حَتَّى يَخُوضُواْ فِي حَدِيثٍ غَيْرِهِ إِنَّكُمْ إِذًا مِّثْلُهُمْ إِنَّ اللّهَ جَامِعُ الْمُنَافِقِينَ وَالْكَافِرِينَ فِي جَهَنَّمَ جَمِيعًا۝ 140. Батаҳқиқ, сизларга Китобда: «Аллоҳнинг оятларини уларга куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилинган ҳолда эшитганингизда, бошқа гапга ўтмагунларича, улар билан ўтирманглар», – деб нозил қилди. Албатта, у ҳолда (агар ўтирсангиз,) сиз ҳам улар кабисиз. Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг ҳаммасини жаҳаннамда жамловчидир.
Аллоҳ таоло Китобда, яъни Қуръони Каримда мўминларга Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр ва истеҳзо гаплар бўлаётган мажлисда ўтирмасликка амр қилган эди. Бу амр Маккаи Мукаррамада нозил бўлган «Анъом» сурасида келган. Чунки мўмин кишининг бу каби мажлисларда жим ўтириши мунофиқликнинг бошланишидир. Ҳар бир мўмин Аллоҳ, Ислом, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръон каби мўътабар тушунчалар ҳақида ёмон, ахлоқсиз гап-сўзларни эшитган чоғида қарши чиқмоққа, ҳаттоки тўғриламоққа бурчлидир. Кимки бундай ҳолларда жим ўтирса, мунофиқлик йўлига қадам қўйган бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг оятларига куфр келтирилаётган, уларни истеҳзо қилинаётган мажлисда ўтирганларни мунофиқларга тенглаштирмоқда. Бу эса жуда хатарлидир. Мунофиқлар ва кофирлар бу дунёда Исломга, иймонга биргаликда қарши бўлганлари учун ҳам, у дунёда:
«Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг ҳаммасини жаҳаннамда жамловчидир». ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

8 Май 2022, 05:00 | Савол-жавоблар | 165 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar