Ўғриларнинг қиёматдаги аҳволи

Ассалому алайкум! Ўзбекистон коронавирусга қарши курашиш учун жаҳон банклари ва чет мамлакатлардан 1 миллиард доллардан зиёд қарз олибди. Карантин даврида халқга катта пул ажратилганлиги ҳам сир эмас. Аммо халқ учун ажратилган пулларни талон-тарож қилинганлиги ҳақида ОАВ орқали эшитдик, билдик (билмаганларимиз ҳам бордир). Дори-дармон, техника, зарурий жиҳоз ва бошқалар учун ажратилган пулларни ўзлаштириб олган ўғриларни қиёматда аҳволи қандай бўлади? Қиёматда шу ўғрилардан халқ қандай тарзда ҳаққини олади? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Жамиятнинг мулкини ўғирлаганларни аҳволи ўта аянчли бўлади. Чунки бир кишини рози қилиш қаердаю минглаб кишиларни рози қилиш қаерда. Аллоҳ таоло "Оли Имрон" сурасида марҳамат қилади:  وَمَا كَانَ لِنَبِيٍّ أَن يَغُلَّ وَمَن يَغْلُلْ يَأْتِ بِمَا غَلَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثُمَّ تُوَفَّى كُلُّ نَفْسٍ مَّا كَسَبَتْ وَهُمْ لاَ يُظْلَمُونَ۝ 161. Набий ўлжага хиёнат қилиши мумкин эмас. Кимки ўлжага хиёнат қилса, қиёмат куни хиёнат қилиб олган нарсаси билан келадир. Сўнгра ҳар бир жон касб қилган нарсасини тўлиқ оладир. Уларга зулм қилинмас.عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَتَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ؟ قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ وَلَا مَتَاعَ، فَقَالَ: إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلَاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар.
«Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.
«Албатта, умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир.
Бунга унинг савобларидан берилур, анавинга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».
Шарҳ: 
Тўлиқ маънода касодга учраган одам бу дунёда одамларга ёмонлик қилган киши экан. Ушбу ҳадиси шарифда ўша касодга учраганларнинг энг яхшиси ҳақида сўз кетмоқда. Чунки у қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган бўлади.
Аввал ўша касодга учраган бахтсизнинг савоблари бўлса, уларни олиб, ундан ёмонлик кўрган бечораларга тақсимлаб берилади.
Кейин эса мазкур касодга учраган бахтсизнинг устига бу дунёда унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларнинг гуноҳлари юкланади.
Охирида ўша касодга учраган бахтсиз жаҳаннамнинг қаърига улоқтирилади.
Ана, кўрдингизми, бировни сўкиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировнинг молини ейиш, бировнинг қонини тўкиш ва бировни уриш қандай ҳам ёмон иш! Бас, буларга ўхшаган ёмон ишлардан сақланайлик.وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَتُؤَدَّنَّ الْحُقُوقُ إِلَى أَهْلِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُقَادَ لِلشَّاةِ الْجَلْحَاءِ مِنَ الشَّاةِ الْقَرْنَاءِ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ  Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади», дедилар».
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

9 Май 2022, 11:09 | Савол-жавоблар | 174 | Ислам
|
Boshqa savol-javoblar