Рамазонда васваса

Ассалому алайкум! Рамазон ойида одам васваса бўлиши мумкинми? Менга шунақа ўй фикрлар келяптики қўрқиб кетяпман. Бу ҳаёллардан кейин тушкунликка тушиб қоляпман шайтонлар кишанланганку деб, чунки айнан намозда хушу қиламан десам шундай бўляпти. Бу ҳолатни айтишдан кўра бошимга осмон қулагани афзал.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Сиз эътибор бермангда. Ҳозирги инсонларни табиати бузилган, жанжаллашишни яхши кўради. Мабодо қулоғига бир гап тушса мен ҳақимда айтилдимикан деб уришишгача боради. Гўёки жанжални пулга сотиб олади. Шу табиати шайтон билан васвасасига ҳам ўтган. Одам тополмаганда шайтон билан уришиб ўтирадиган бўлиб қолган. Саҳобийлардан бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб “Мушриклар сизни музаммам деб ҳақоратлашмоқда” деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Улар музаммамни ёмонлашмоқда экан, менинг исмим Муҳаммад” деганлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бозордан чиқиб кетаётиб бир кишини туртиб юборадилар. Шунда у киши “Эшакмисан” деб ҳақоратлаганида “Йўқ, менинг исмим Умар” деб жавоб берган ва индамай кетаверган эканлар. Биз ҳам шу суннатни жорий қилишимиз керак. Шайтон васваса қилиб ҳар хил хаёлларни олиб келса “Аъузу биллааҳи минаш шайтоониррожиим” деб парво қилмай кетавериш керак. Валлоҳу аълам!

9 Май 2022, 16:05 | Савол-жавоблар | 169 | Ибодатлар
|
Boshqa savol-javoblar