Қарз муддати келса ҳам бермайдиганлар

Ассалому алайкум! Уйда магазиним бор. Одамлар қарз сўраб келишади, мен уларга ишониб қарз берганман, лекин улар айтган вақтида беришмаяпти. Бир кунни муддат қилса ва айтган вақтида бермаса кейин йиллар ўтиб, нархлар кўтарилиб кетган вақтда ва ҳоҳлаган вақтларида беришса бундай олган нарсалари улар учун ҳалол бўладими? Динимизда атайлаб қарзни кечиктириш ҳақида нима дейилган? 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:  عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَطْلُ الْغَنِيِّ ظُلْمٌ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бойнинг (қарзни) кечиктириши зулмдир...” (Бухорий ривояти).عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيُّ الْوَاجِدِ يُحِلُّ عُقُوبَتَهُ وَعِرْضَهُ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади:
“Моли борни кечиктириши уни жазолашни ва обрўсини тўкишни ҳалол қилади...”
(Бухорий ривояти).
Лекин, шариатимизда қарзни кечиктиришга молиявий жазо тайин қилинмаган. Фақиҳ ва муҳаддисларнинг барчалари ҳадисда келган уқубат (жазо) лафзини молиявий жазо деб тафсир қилмаганлар. Шунингдек, жазо бериш ихтиёри ҳам ҳукумат қўлидадир. Ҳақдор қарздорни жазолаш ҳуқуқига эга эмас. Қарздор ҳақни кечиктириши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналаридан бери давом этиб келаётган мусибатдир. Лекин, бирор фақиҳ молиявий жазони амалиётга татбиқ қилмаган.
Харидорни вақтида тўлай олмаслиги ёки вақтидан кечиктириши мумкин бўлса, биз юқорида айтиб ўтган гаровга олиш, вақтида тўлай олмаса, молнинг қиймати нақдга айланиш шартлари орқали ундириб олиши мумкин. Валлоҳу аълам!

11 Май 2022, 00:48 | Савол-жавоблар | 163 | Молия ва тижорат
|
Boshqa savol-javoblar